Пошшазода: “Ғарб Исломга қарши бугун очиқчасига курашмоқда”
Куни кеча Қофқоз мусулмонлари диний идорасининг раиси шайхулислом Аллоҳшукур Пошшазода Боку шаҳрида чиқиш қиларкан, “Ғарб Исломга қарши бугун очиқчасига курашмоқда... Ғарб давлатлари бугунги кунда Яқин Шарқдаги мусулмонларни қириб ташлашмоқда. Биз – мусулмонлар – бунга қарши қатъий эътироз билдирамиз, [зеро] бу жуда катта жиноятдир”, деб таъкидлаган. Бу ҳақида “NewsAzerbaijan” портали хабар бермоқда.
Шайхулислом ўз нутқида Ғарб давлатларининг қўлидаги воситага айланган фирқаларга қарши курашни кучайтириш зарурати ҳақида алоҳида тўхталиб, яқинда “Гелем” нашриёти томонидан чоп этилган ва ваҳҳобийликка бағишланган китоб тўғрисида маълумот берган. “...Китобда фирқаларнинг Исломга бўлган зарарли таъсири ҳақида очиқчасига сўз боради”, – деган Пошшазода.
Яқинда Эронда радикализмга қарши бўлиб ўтган конференцияни ёдга оларкан, Қофқоз мусулмонлари диний идорасининг раиси Эрон ва Туркия билан биргаликда ёт секта ва радикал кучларга қарши курашиш таклифини билдирган. Унинг қайд этишича, “Бундай қилишнинг вақти аллақачон келган”.
Маълумот учун: Қофқоз мусулмонлари диний идораси Озарбайжон, Грузия, Доғистон, Чеченистон, Ингушетия, Қорачой-Черкасссия, Кабардин-Балкария, Адигея, ва Шимолий Осетия мусулмонларининг тарихий диний маркази ҳисобланади. Унинг раиси шайхулислом Аллоҳшукур Пошшазода ушбу лавозимда 1980 йилдан буён ишлаб келмоқда. Қофқоз мусулмонларининг 2009 йил 12 августда Боку шаҳрида бўлиб ўтган ўн иккинчи қурултойида шайхулислом Аллоҳшукур Пошшазода бир овоздан мазкур диний идоранинг умрбод раиси сифатида тасдиқланган.



