Имом Абу Ҳанифанинг илмий мероси эътирофда

Имом Абу Ҳанифанинг илмий мероси эътирофда

Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотининг ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуманда Ислом юриспруденцияси – фиқҳининг Ҳанафий мактабига асос солган Нўъмон ибн Собит, яъни буюк Имом Абу Ҳанифанинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қатор маърузалар тақдим этилган, қатнашчилар атрофлича фикр-мулоҳазалар билан алмашганлар. Тадбирда сўз олганлар имоми аъзамни Ислом ҳуқуқининг буюк уламоси, ислоҳотчиси ва тафсирчиси, деб тасвирлашган.

Саудиялик Шайх Аҳмад Ҳамдам, ҳиндистонлик уламо Абдул Қосим Нўъмоний, покистонлик олимлар Муҳаммад Ҳаниф Жалондорий ва Аҳмад Лудиёнбий асосий маърузачилар бўлишди. Тадбирда юқори мартабали бошқа қатор меҳмонлар ҳам иштирок этишган.
Халқаро анжуманни очаркан, Шайх Аҳмад Ҳамдам Имом Абу Ҳанифа ҳақида биографик маълумотларни келтириб, ул зотнинг Ислом фиқҳини ишончли тарзда тушунтириб кетганлигини ва, бу орқали, Ислом нуфузининг янада ортишига хизмат қилганини алоҳида таъкидлаган.
“Имом Абу Ҳанифанинг қарашлари жаҳондаги аксарият Ислом университетлари ва институтларида ўқитилади. Мусулмонларнинг энг кўп қисми ҳам айнан шу имомга эргашганлар”, деб эътироф этган Шайх Аҳмад Ҳамдам.
Абдул Қосим Нўъмоний сўз оларкан, имоми аъзамнинг Ҳадис илмига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида тўхталди. Жумладан, Абу Ҳанифанинг бу борада ёзган кўплаб китоб ва тўпламлари эътироф этилди, у томонидан 1000 га яқин ҳадислар ривоят қилингани ёдга олинди.
Аҳмад Лудиёнбий Абу Ҳанифани “етакчилар етакчиси ва уламолар уламоси”, деб атаган. “У ҳақиқий устоз эди, унинг шогирдлари ўзларининг чуқур билими ва кенг дунёқараши билан ажралиб туришган”, деб қўшимча қилган у.

back to top