Миср Мусо пайғамбар ҳақидаги Голливуд фильмини тарихий ноаниқликлар сабаб тақиқлади
Миср ҳукумати Голливуд режиссёри Ридли Скотт томонидан суратга олинган “Чиқиш: қироллар ва худолар” (“Exodus: Gods and Kings”) фильми прокатини тарихий ноаниқлар сабаб тақиқлади. Бу ҳақда Al-Arabiya телеканали хабар бермоқда.
Аввалроқ, фильм бошқа бир араб мамлакати – Марокашда ҳам тақиқланган эди. Миср маданият вазири Ғабир Асфурнинг сўзларига кўра, фильм хатоларга тўлиб ётибди, хусусан, унда Мусо пайғамбар ва яҳудийлар Мисрдаги эҳромларни қургани ҳақида ҳикоя қилинади.
“Бу фильм текширилган тарихий фактларга тўлиқ зид келади. Бу – сионистлар фильми”, – деди Миср маданият вазири.
Асфурнинг сўзларига кўра, “тарихга сионистик назарда маълум хатоликлар бор, шу сабабли ҳам Миср ушбу фильмни тақиқлашга қарор қилган”.
Маълумот учун, “Чиқиш” фильми яҳудий ва насронийларнинг муқаддас китоби – Библияга асосланган бўлиб, унда Мусо пайғамбар ва яҳудий халқининг Миср асирлигидан озод қилиниши намойиш этилади. Эътиборли томони, фильм АҚШ жамоатчилиги ва кинотанқидчилари томонидан ҳам кескин танқид билан кутиб олинмоқда.



