Афғонистонда Янги Қобул қурилади
“Khaama Press” ахборот агентлигининг хабар қилишича, шу кунларда Афғонистон президенти томонидан янги қиёфадаги Қобул шаҳрини бунёд этиш ҳақидаги таклифнинг қўллаб-қувватланиши кутилмоқда. Янги Қобул ҳозирги Қобулнинг Деҳсабз ҳудудида барпо этилиши белгиланган бўлиб, унда 2,5 миллион кишининг истиқомат қилиши режалаштирилган.
Янги Қобулни қуриш мустақил кенгаши раисининг ўринбосари муҳандис Илҳом Умар Ҳотакийнинг маълум қилишича, Янги Қобул ҳозирги пойтахтдан деярли икки маротаба катта бўлади ва унда 600 мингга яқин уй-жойлар қурилади. Уни барпо этиш ишлари икки босқичда амалга оширилиб, 15 йил ичида ниҳояланиши кўзланган.
Лойиҳа бундан саккиз йил аввал ишлаб чиқилган бўлиб, унинг умумий қиймати 80 млрд. АҚШ долларига тенг экани ҳам айтилмоқда. Хабарларда шаҳарсозлар ишини молиялаштириш манбаларига аниқлик киритилмаган.



