Швециядаги масжидга ўт қўйишди
Қатор оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, Швеция пойтахти Стокҳолм шаҳридан 90 км. узоқликдаги Эскилстуна шаҳрида номаълум кишилар томонидан маҳаллий масжидга ўт қўйилган. Пешин намози учун масжидда бўлган намозхонларнинг 5 нафари воқеа натижасида турли даражада шикастланган ва зудлик билан шифохонага етказилган.
Гувоҳларнинг сўзига кўра, бинонинг биринчи қаватида жойлашган масжидга кимдир алангаланувчи нарса улоқтирган ва у шиддат билан ёнғин келтириб чиқарган. Ҳозирда полиция ўт қўйган шахсни қидирмоқда.
Швеция Ислом уюшмасининг раҳбари Умар Мустафо радио орқали чиқиш қиларкан, “[Швецияда] мусулмонларга қарши [атайлаб келтириб чиқарилаётган] нафрат кучайиб бормоқда”, деб таъкидлаган.
Айрим мутахассислар масжидга ҳужум қилган ўша шахсни ОАВларда “насроний террорист” ёҳуд “террорист” эмас, балки алоҳида олинган бир “жиноятчи”, деб аталаётганига ҳам эътибор қаратишни таклиф қилишган.



