Всеволод Чаплин Россия муфтийси Равил Ғайнутдинни қўллаб-қувватлади

Всеволод Чаплин Россия муфтийси Равил Ғайнутдинни қўллаб-қувватлади

Таниқли православ руҳонийси ва мутафаккири, Москва патриархатидаги черков ва жамият муносабатлари бўлимининг раҳбари, протоиерей Всеволод Чаплин Россия мактабларида ҳижобни тақиқламоқчи бўлганларни қоралади.

"Албатта, одамлар ўз эътиқодига кўра яшаши, уни ташқи кўринишида акс эттиришига ҳақлидир. Рўмолдаги аёлларни ёқтирмайдиган одамлар ҳам бўлиши тушунарли. Кимгадир эса калта иштон кийган эркаклар ёки пляжда кийиладиган пойафзал кийиб олганлар ёқмаслиги мумкин. Менга кўра, одамлар ўз эътиқодларидан келиб чиққан ҳолда кийиниб, жамоат жойларида ўзлари истагандек юришга ҳаққи бор", деди у “Бизнес ФМ“ радиостанциясининг эфирида.

Всеволод Чаплин фикрига кўра, ҳижобга тақиқ маълум маънодаги мафкурага тақалиб, унинг ортида маълум кучлар турибди. "Очиғини айтадиган бўлсак, мактаб қизларига ҳижобни тақиқламоқчи бўлган кучлар қандай мафкурага асосланаётгани унчалик тушунарли эмас", деган патриархат вакилининг сўзини IslamNews ҳам иқтибос қилди.

Унинг таъкидлашича, мактабларда нафақат мусулмон қизлар, балки православ қизлар ҳам рўмол ўраб келишади. "Жуда кўп православ эътиқодига мансуб қизлар мактабларда, айниқса православ мактабларида рўмолда юришади", деди у.

"Менимча, - деди эфир меҳмони, - бу ерда, мамлакатда турли хил фикр қилувчи, яшаш тарзи турлича бўлган ва шу билан кўриниши ҳам шундан келиб чиқадиган одамлар борлигини тўғри англаш керак".

"Дунёвий давлатда одамлар ўз эътиқодича ҳаракат қила олмайди деб тушунтиришга уриниш, бу сохта ҳуқуқий қаллобликдан бошқа нарса эмасдир", деди православ оқимининг арбоби.

IslamRF.Ru сайти матеариллари асосида
Абу Муслим тайёрлади

back to top