Тошкентда китоб дўконлари ҳувиллаб қолди

Тошкентда китоб дўконлари ҳувиллаб қолди

Кечагина олдимиздан оқиб турган улкан дарёнинг қадрини энди биляпмиз. Куни кеча пойтахтимизнинг марказида, Кўкалдош мадрасасининг этагида жойлашган зиё маскани – китоб дўконларида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг биронта китоблари қолмаганини хабар қилишди. Дўкондорларнинг айтишича, сўнгги бир неча кун ичида шайх ҳазратларининг китобларига бўлган талаб мисли кўрилмаган даражада кучайиб, пештахталар бўшаб қолган. Бу ҳам бўлса, халқимизнинг улуғ устозга бўлган меҳр-муҳаббати, ихлосининг намунасидир.

«Ҳилол-нашр» китоб дўконлари ишламай турган уч кун давомида юзлаб китобсеварлар, мухлислар келиб, афсус билан қайтиб кетаётган эдилар. Кечадан бошлаб пойтахтдаги ва вилоятлардаги дўконларимиз ишга тушгач, аҳвол кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Шу икки кун давомида дўконларимизда биронта китоб қолмади, сотувчиларнинг қўли қўлига тегмади, ташриф буюрганларнинг кети узилмади. Бир дақиқа ҳам бўш қолмаётган дўконларимизга келган китобхонларимиз «Янги китоблар қачон чиқади?», «Яна қайси китоблар чиқади яқин-орада?» деб тинмай сўраб туришибди. 
Улуғ аллома шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари пайғамбарларнинг чинакам вориси сифатида тинмай ижод қилиб, улкан илмий мерос қолдирдилар. Ҳозирги кунда чоп этилган юздан ортиқ китобларидан ташқари, «Ҳилол-нашр» нашриётига қўлёзмаси топширилган китоблари ҳам анчагина. Бинобарин, ҳали чоп этиладиган китобларимиз жуда кўп. 
Иншааллоҳ, тез кунда омборлардаги янги китобларимиз ҳам халқимизга тақдим этилади. Шу қадар илм-маърифатга ташна, китобсевар халқимиз бор экан, китобларимиз тўхтамай чоп бўлаверади, бу улкан илм булоғининг ҳикмат сарчашмаси айрилиқ доғига малҳам бўлаверади.

back to top