Ўзбекистонда умумхалқ ҳашар бўлиб ўтди
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида умумхалқ хайрия ҳашари бошланди. Эрта тонгдан ҳашарга отланган юртдошларимиз боғ ва хиёбонлар, кўча ва гузарлар, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар атрофи, табаррук қадамжолар, қабристонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга киришди. Каттаю кичик ҳамжиҳатлигида, турли миллат вакиллари иштирокида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари туфайли чор-атроф кўркамлашиб, янада гўзал қиёфа касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 мартдаги фармойишига мувофиқ Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ойлиги доирасида ўтказилаётган умумхалқ хайрия ҳашарида барча корхона, ташкилот ва муассасаларнинг меҳнат жамоалари фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган «Мустақиллигимизнинг 24 йиллигига 24 туп кўчат» шиори барча ватандошларимизни ўз ҳудудларини ободонлаштириш ва гулзорлар ташкил қилишга – юртимизни янада обод этишга ундамоқда.
Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармасидан маълум қилишларича, ойлик доирасида мазкур бошқармада «Кўчат экиш штаби» ташкил этилган. Ҳашар кунлари маҳаллалар, кўча ва йўл четлари, бинолар атрофига экиш учун юртимиздаги ўрмон хўжаликлари томонидан 17 миллиондан зиёд кўчат етказиб берилади.
Умумхалқ ҳашарида 43 минг гектардан зиёд майдонни ободонлаштириш ҳамда 26 минг километрга яқин ариқ ва лотокларни тозалаш, ҳудудларда кўплаб мевали ва манзарали, гул кўчатлари экиш режалаштирилган.
Ҳашар кунлари барча маҳалла фуқаролар йиғинларида «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!» шиори остида ёлғиз кекса ва ногиронларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш, уларнинг уй-жойини таъмирлаш, кам таъминланган оилалар фарзандларининг тўйларини ўтказишга кўмаклашиш, болалар майдончаларини тартибга келтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
– Халқимизнинг асрлар оша яшаб келаётган миллий қадриятларидан бўлган ҳашар замирида она юртга муҳаббат, чин инсонийлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат каби фазилатлар мужассам, – дейди Юнусобод туманидаги Отчопар-1 маҳалласида яшовчи Илҳом ота Раҳимов. – Ушбу удумни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор ўғил-қизларимизни Ватанга садоқат, миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаб вояга етказишга хизмат қилаётир.
Мазкур оммавий тадбирда мамлакатимиз ёшлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Жойларда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан “Юртимни обод этаман” акцияси доирасида “Ҳар бир ёшга бир ниҳол” ҳамда “Ҳашар ёшларга ярашар” лойиҳалари, қабристон ва зиёратгоҳларни ободонлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда.



