Доғистонда Европадаги энг катта масжид қурилиши режалаштирилмоқда
Доғистонда Европадаги энг катта, 50 минг одамни сиғдира оладиган масжид қуриш режалаштирилмоқда, деб “РИА Новости” агентлигига хабар берди Доғистон диний ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш қўмитаси вакили.
Режага кўра, масжид Маҳачқалъа ва Каспийск шаҳарлари орасида жойлашадиган Европадаги энг йирик диний марказ ҳудудида қурилади. Масжидни республика аҳолисининг хайр-эҳсон пуллари ҳисобига қуриш кўзда тутилмоқда.
“20 гектар майдонда барпо қилиш режалаштирилаётган Ислом маркази ўз ичига бинолар мажмуасини олади, бутун Европада энг катта бўладиган масжид бинолар ичида бош бино бўлади. Масжид 50 минг кишини сиғдира олади. Лойиҳада барча зарурий инфратузилмалар қурилиши ҳам кўзда тутилган: ерости йўллари, ерости машиналар қўйиш жойлари, декоратив гуллар ва буталардан ҳосил қилинган чиройли хиёбон барпо этилади”, деб айтди агентлик суҳбатдоши.
Унинг сўзларига кўра, марказ ҳудудида, Доғистон республикаси муфтияти, Доғистон ва ислом музейлари, ислом университети, мадраса бинолари ҳамда бошқа ижтимоий ва диний объектлар қурилиши режалаштирилган.
“Масжид Муҳаммад пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам номи билан, Ислом марказининг ўзи эса Исо пайғамбарнинг номи билан аталишига қарор қилинди. Шунингдек, масжидни қуриш учун маблағлар йиғиш ташкил этилди”, деб маълум қилди қўмита вакили.



