Суриядаги уруш ўзининг бешинчи йилига ўтди

Суриядаги уруш ўзининг бешинчи йилига ўтди

IINA ахборот агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, Суриядаги уруш ўзининг бешинчи йилига кириб бораркан, шу ўтган давр мобайнида 220 минг киши уруш қурбонига айланган, 3,5-4 миллион киши ўз уй-жойини ташлаб, бошқа малакатларга қочишга мажбур бўлган. Яраланганлар ҳақида эса аниқ бир маълумот йўқ. Қатор гуманитар ташкилотлар халқаро ҳамжамиятни “Сурияда лоқайдлик” қилишда айбламоқда.

Куни кеча пойтахт Дамашқнинг шимолида жойлашган Довма шаҳрида амалга оширилган авиазарбалар натижасида 20 дан зиёд киши, шу жумладан, болаларнинг ҳам ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда. Ушбу зарбалар ҳукуматга қарашли учоқлар томонидан амалга оширилгани айтилмоқда.
Бугунга келиб бутун мамлакат ҳудуди ҳукуматга қарашли кучлар, қуролланган турли жангари ва исёнчи гуруҳлар томонидан амалда бўлиб олинган. Уларни ўзаро яраштириш ва, ҳеч бўлмаганда, ўзаро тил топтириш мақсадида ҳозирга қадар икки маротаба ўтказилган дипломатик музокаралар ҳам кутилган натижани бермади.
Эслатиб ўтамиз, Суриядаги ҳозирги уруш 2011 йилнинг 15 март санасида ҳукуматга қарши оммавий норозилик намойишлари билан бошланган эди.
Ҳозирда Қатар пойтахтида фаолият олиб бораётган суриялик олим ва таҳлилчи Марвон Кабалон “Al Jazeera” телеканалига берган интервьюсида: “[Суриядаги можаро] бу даражага бориб етади, деб ҳеч ким ўйламаганди. Бу Сурия учун умуммиллий фалокатдир...”, - деб таъкидлаган.
БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги Суриядаги ҳолатни “давримизнинг энг йирик гуманитар фавқулодда вазияти”, деб баҳолаган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Суриянинг миллий иқтисодиёти ўз тараққиёт йўлида камида 30 йилга ортга чекинган.
Шу йил апрель ойида Россия ўртачилигида Москва шаҳрида Суриядаги можаро бўйича навбатдаги дипломатик музокараларнинг бўлиб ўтиши айтилмоқда. Бироқ, ҳозирнинг ўзидаёқ турли гуруҳлар мазкур учрашувларга ҳар-хил муносабатда бўлмоқдалар.

back to top