Шайх ҳазратларининг ишлари давом этажак
1436 ҳижрий йил Жумодул аввал ойининг 21-санаси (милодий 2015.10.03)да ҳижрий ҳисоб бўйича 65 ёшда (милодий ҳисоб бўйича 63 ёшда) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу дунёни тарк этдилар ва Тошкент шаҳрида дафн этилдилар.
Маълумингизким, Шайх ҳазратлари (раҳимаҳуллоҳ) Аҳли сунна ва жамоа ягона ақийдавий мазҳабига бирлашган тан олинган фиқҳий мазҳаблар асосида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳам пок ақийда ва мусаффо Исломнинг тарқалиши борасида ўзларининг бор куч-ғайратларини тинмай сарфлар эдилар. Ул зот (раҳимаҳуллоҳ)нинг исломий маърифатни таратишга қаратилган илмий ишлари васатия, бағрикенглик ва биродарлик руҳига асосланган эди. У киши (раҳимаҳуллоҳ)нинг барча китоблари мусаффо Исломга интилишга, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилишга, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашишга чақиради. Барчамиз суядиган Ҳазрат (раҳимаҳуллоҳ)нинг дийний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотишдек мураккаб ишдаги хизматларига муносиб баҳо бериш жуда қийин.
Бугун islom.uz порталида фавқулодда мажлис бўлиб ўтди. Мажлисда бир неча масалалар кўриб чиқилди. Мажлисга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ўғиллари Исмоил Муҳаммад Юсуф бошчилик қилдилар. Порталдаги ҳар бир сайтнинг масъуллари бундан буён ўз вазифаларига янада кўпроқ шижоат, янада кўпроқ масъулият билан ёндошишларини таъкидладилар. Аллоҳнинг нурини таратиш бўйича ул зот (раҳимаҳуллоҳ)нинг ишлари барча йўналишларда давом эттирилади.
«Hilol-nashr» нашриёти Шайх ҳазратларининг васиятларига биноан ҳар икки ҳафтада бир марта китоблар тақдимотини ўтказишни маълум қилди. Хусусан, аввал ҳам эълон қилганимиздек, китобларни, шу жумладан, илгари ҳам аудио форматида чиқариб келинган китобларни, нашр қилиш давом эттирилади. Нашр қилинган китобларни, шунингдек Шайх ҳазратлари (раҳимаҳуллоҳ)нинг аввал нашр қилинмаган китобларини таҳрир қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Яқин кунларда Ҳазрат (раҳимаҳуллоҳ) бошчиликларида бошланган китобларни чоп этишга тайёрлаш ишларининг якунланиши ҳақида маълум қилинади.
Ҳазрат (раҳимаҳуллоҳ) китобларининг бошқа тилларга, айниқса рус тилига, таржима қилиш жараёни ҳам давом эттирилади. Шайх (раҳимаҳуллоҳ)нинг ўзбек тилида китобхонлар таниш бўлган бир нечта машҳур китобларини рус тилига таржима қилиш, таҳрир қилиш ва чоп этишга тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Аллоҳ таолонинг ёрдами ва марҳамати ила, васатия, бағрикенглик ва мусаффо Исломга содиқлик руҳи асосида Ислом ҳақида ишончли маълумотларни тарқатиб келган ва тарқатадиган Islom.uz порталининг сайтлари ўз фаолиятини давом эттиради. Ҳимояси ҳамда бошқа янги-янги хизматлари янада кучайтирилади.
Порталда турли йўналишлар бўйича савол-жавоблар бўлими ҳам фаолият кўрсатади, шу жумладан рус тилида ҳам. Асосий ва бот-бот бериладиган саволларга жавоблар сайтда мавзулар бўйича мавжуд, мазмунан такрорланадиган саволлар аввал берилган жавобларга боғланади. Бошқа саволлар бўйича Шайх Ҳазратларининг шогирларидан ташкил топган уламоларнинг махсус гуруҳи иш олиб боради.
Дуоларингиздан умидвормиз.
Ҳайрли ишларни давом эттиришда Аллоҳ таолонинг Ўзи барчамизни қўллаб-қувватласин!



