Сербияда 1995 йилдаги оммавий қотиллик бўйича 7 киши ҳибсга олинди

Маълум қилинишича, шу йил 18 март куни Сербия полицияси 1995 йилда содир этилган оммавий қотилликда гумон қилинаётган 7 нафар кишини ҳибсга олган. Улар ўша машъум 1995 йилда Босниянинг пойтахти Сараеводан 150 километр шимоли-шарқда жойлашган Сребреница яқинида 1000 нафардан ортиқ оддий босниялик-мусулмонларни вахшиёна қатл этганликда гумон қилинмоқда.
Манбаларнинг қайд этишича, гумон қилинаётган шахсларнинг исм-шарифлари ҳозирча ошкор этилмаган, бироқ улар ўша пайтларда “Босния-серб махсус уруш даври полиция тузилмаси”нинг аъзолари экани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1992-1995 йилларда Боснияда маҳаллий мусулмон-босниякларга қарши серб-боснияклар ва хорват-боснияклар қирғинбарот уруш олиб борганлар. Қўшни Сербия ва Хорватиянинг ўша пайтдаги раҳбарлари томонидан қўллаб турилган ғаразли кучлар мусулмон-босниякларни оммавий тарзда қириб ташлашни мақсад қилганликлари яққол намоён бўлган эди.
Тарихга “Босния геноциди” номи билан кирган воқеалар натижасида, турли манбаларга кўра, 100 минг киши халок бўлган, шундан 80 минг нафарини мусулмон-боснияклар ташкил этади.