Марказий Африка Республикасида масжидлар вайрон этилмоқда

Марказий Африка Республикасида масжидлар вайрон этилмоқда

“Al Arabiya”нинг маълум қилишича, Марказий Африка Республикасидаги жами 436 та масжиднинг деярли ҳаммаси ушбу мамлакатдаги насроний ва мусулмон аҳоли ўртасида 2013 йилнинг декабрь ойидан бери давом этаётган тўқнашувлар натижасида вайрон этилган. Ҳозирга қадар камида 5 минг киши мазкур тўқнашувларнинг қурбонига айланган ҳамда мамлакатдаги 4,5 миллион кишилик аҳолининг салкам 25 фоизи ўз уй-жойларини ташлаб қочишга мажбур бўлган. Жабрланганларнинг аксарияти мусулмон экани айтилмоқда.

Мамлакатга ташриф буюраётган хорижлик кузатувчиларнинг гувоҳлик беришича, у ердаги мусулмон аҳоли “кескин қўрқув” остида кун кечирмоқда. Пойтахт Банги шаҳрида фақат битта “мусулмон квартал”гина қолган. Мусулмон аҳоли ўз уйи ва маҳалласидан чиқолмаяпти, ҳатто ҳомиладор аёллар ўз уйларида қийин шароитларда туғишга мажбур бўлмоқда.
Тўқнашувлар бошланганидан бери Марказий Африка Республикасига БМТнинг тинчликпарвар кучлари киритилгани ҳамда Франция ва Европа Иттифоқи томонидан “зўравонликларни тўхтатиш” борасида бир нечта ҳарбий операцияларнинг амалга оширилганига қарамай, вазият ҳамон кескинлигича қолмоқда.
Аниқлик киритилишича, ҳозирда мазкур мамлакатда БМТга қарашли 8 минг нафар “мовий дубулға” кучлари, шунингдек Франциянинг 2 минг нафар аскари қолмоқда. Бироқ, улар сонини қисқартириш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

back to top