Хотира китоби таҳририяти мажлиси
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари
ҳақидаги хотиралар китоби таҳририятининг мажлиси
Қатнашувчилар: Муҳаммад Амин Муҳаммад Юсуф, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик, «Ҳилол-нашр» нашриёти бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Эркин Малик, Аҳмад Муҳаммад, Абдулбосит Қамбаров, Исмоил Муҳаммад Юсуф ва бошқалар.
2015 йил 23 март, душанба куни фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш ва уни халқимизга тақдим қилиш борасидаги навбатдаги тадбир – «Кифоя» ҳамда «Зикр аҳлидан сўранг» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот маросимидан сўнг «Ҳилол-нашр» нашриёти ижодий гуруҳи ҳамда тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Ушбу суҳбатда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик сўзга чиқиб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидек буюк алломанинг ибратли ҳаёт йўли, халқимизга, Ватанимизга ва бутун Ислом умматига қилган фидокорона хизматлари ҳақида тўлқинланиб сўзладилар. Эндиликда бу улуғ олимнинг хотирасини ёдда сақлаш, хайрли ишларини давом эттириш ўзбек халқининг, хусусан, шайх ҳазратларининг оила аъзолари, сафдошлари, шогирдларининг бурчи экани таъкидланди. Ана шу шарафли масъулиятни адо этиш йўлида қилинажак савобли ишлардан бири сифатида шайх ҳазратларининг илмий фаолияти ва ибратли ҳаёт йўлини халқимизга ва келажак авлодларга танитиш мақсадида «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари замондошлари хотирасида» деб номланган илмий-маърифий лойиҳани амалга ошириш таклиф қилинди. Ушбу лойиҳа доирасида шайх ҳазратларининг китоблари ва мақолаларини чоп этиш, оммавий ахборот воситаларида чоп этилган суҳбатлари, суратли, овозли ва тасвирли медиаматериалларни тўплаб, саралаб, улар асосида фотожамланмалар, аудиокитоблар, видеофильмлар тайёрлаш, шайх ҳазратларининг музейини ташкил этиш, хотиралар китобини чоп этиш, ҳар йили хатми Қуръонлар ташкил қилиб, савобини устознинг руҳларига бағишлаш, Аллоҳ таолодан халқимизга офият, юртимизга тинчлик ва барқарорлик тилаб, дуолар қилиш ва бошқа шу каби турли тадбир ва маросимлар ўтказиш кўзда тутилди.
Бугун, 2015 йил 5 апрель куни, мазкур илмий-маърифий лойиҳа доирасида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига бағишланган хотиралар китобини нашрга тайёрлаш бўйича маслаҳат кенгаши бўлиб ўтди. Кенгашда хотиралар китоби таҳририятини ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинди. Муҳокамада республикамиздан ва чет эллардан китобга доир маълумотлар тўплаш учун ишчи гуруҳ ва жамоатчи мухбирлар тайинлаш, тўпланган маълумотларни саралаш, устозни хотирлаб давра суҳбатлари уюштириб туриш каби кўпгина таклифлар кўриб чиқилди.
Хотиралар китобини нашрга тайёрлаш юзасидан муҳокама қилинган масалалар, билдирилган таклифлар ҳамда фикр-мулоҳазалар асосида қуйидагиларга қарор қилинди:
1. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларига бағишланган хотиралар китобини нашрга тайёрлаш бўйича таҳририят ташкил қилиш.
2. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликни таҳририят раиси этиб тайинлаш.
3. Исмоилхон Муҳаммад Юсуфни таҳририят раиси муовини этиб тайинлаш.
4. «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси аъзолари Аҳмад Муҳаммад, Эркин Малик, Абдулбосит Қамбаровларни таҳририят аъзоси этиб тайинлаш.
5. Таҳририятнинг навбатдаги йиғилишига қадар хотиралар китоби учун республикамизда ва чет элларда маълумот тўплаш бўйича жамоатчи мухбирлар тайинлаш.
6. Ислом.уз портали саҳифаларида таҳририят мажлисининг баённомаларини чоп этиб бориш ҳамда мазкур лойиҳа доирасида шайх ҳазратларининг суратли, овозли ва тасвирли эсдаликларидан таҳририятга бир нусха тақдим қилишни сўраб мурожаат қилиш.



