Шайх ҳазратлари ҳақидаги хотиралар тўпланмоқда

Муҳтарам мухлислар!
Маълумингизким, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг хотираларини ёдда сақлаш, хайрли ишларини давом эттириш, бу буюк алломанинг илмий фаолияти ва ибратли ҳаёт йўлини халқимизга ва келажак авлодларга танитиш мақсадида «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари замондошлари хотирасида» деб номланган илмий-маърифий лойиҳа амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида шайх ҳазратларининг оммавий ахборот воситаларида чоп этилган суҳбатлари, суратли, овозли ва тасвирли медиаматериалларни тўплаб, саралаб, улар асосида фотожамланмалар, аудиокитоблар, видеофильмлар тайёрлаш, шайх ҳазратларининг музейини ташкил этиш, хотиралар китобини чоп этиш каби хайрли тадбирлар ўтказиш кўзда тутилди.
Шу муносабат билан кимнинг оилавий архивида шайх ҳазратларининг суратли, овозли ва тасвирли эсдаликлари сақланаётган бўлса, таҳририятга бир нусха тақдим қилишингизни илтимос қиламиз.
Шунингдек, шайх ҳазратлари ҳақидаги хотиралар китобига киритиш учун ўз эсдаликларини ёзма ёки овозли ёзув шаклида тақдим қилишни истаган азизларимиздан ҳам биз билан боғланишларини сўраймиз.