Непалдаги зилзила қурбонларининг сони 7 мингдан ортди

Қатор ахборот агентликларининг маълум қилишича, шу йил 25 апрель куни Непалда содир бўлган зилзила оқибатида қурбон бўлганларнинг умумий сони 7040 кишини, жароҳат олганлар эса 14397 кишини ташкил қилмоқда.
Непал Ички ишлар вазирлигининг вакили Лакшми Дхакал ўз чиқишларидан бирида: “Вайроналар остида тирик қолганларни топиш имконияти деярли қолмади. Тирик қолган бирон кимсани топа олсак, мўъжиза бўларди. Биз ҳали тўлиқ чекинганимиз йўқ, қидиришни давом эттирмоқдамиз”, деб таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 25 апрель куни Непалнинг шарқий ва марказий қисмларида содир бўлган 7,9 балли зилзила натижасида қатор аҳоли пунктлари жиддий зарарланган, пойтахт Катманду шаҳридаги қатор тарихий объектлар вайрон бўлган, ўнлаб иморатлар қулаб тушган. Ҳимолой тоғларида, аниқроғи, Эверест чўққисини “забт этиш”га отланган сайёҳатчи-алпинистлар жойлашган кўчма лагерлардан бири қор кўчкиси остида қолгани ҳам хабар қилинган.
Интернет тармоғида фойдаланувчилар томонидан Непал зилзиласи ва унинг оқибатлари тасвирланган кўплаб фото ва видеоматериаллар эълон қилинди. Улар орасида бир ҳафта вайроналар остида қолган тирик чақалоқ ва 105 ёшли қария, Катмандудаги буддавийлар ибодатхонасининг қулаётгани каби тасвирларга гувоҳ бўлиш мумкин.
Шу кунларда жаҳоннинг турли мамлакатлари Непал давлатига зилзила оқибатларини бартараф этиш учун инсонпарварлик ёрдамини кўрсатмоқдалар.