АҚШда яна Исломни "реклама" қилишмоқда

Америкада Ислом дини ва мусулмонлар ҳақидаги нотўғри тушунчаларни бартараф этиш мақсадида навбатдаги ижтимоий рекламалар тарқатилди. Диний-маърифий мазмундаги реклама пештахталари АҚШнинг Флорида штатидаги Жексонвилл шаҳрида пайдо бўлди. “Рекламага қизиқиш билдирганлар саволлари бўлса, исломий марказга келмоқчи бўлсалар, мусулмонлар билан учрашмоқчи, бепул Қуръони Карим нусхасини ёки бошқа адабиётни олмоқчи бўлсалар, қўнғироқ қилишлари мумкин”,- дейди Исломий тўгаракнинг (ICNA) ҳудудий бошлиғи Муҳаммад Илёс.
“Муҳаммад ким ўзи?” деган мавзудаги пештахталар бутун Жексонвилл бўйлаб ўрнатилди. Баъзи маълумотларга кўра, уни бир ҳафтада қарийб ярим миллион киши кўриб ўтади. Исломий тўгарак кўнгиллилари пештахтада кўрсатилган телефон рақамларига аллақачон минглаб қўнғироқлар қабул қилган, дея ёзади Ансар.ру. Шу сингари реклама акциялари Американинг бир неча шаҳарларида бўлиб ўтган эди.