Кореядаги ватандошларимиз ҳайит намозини яна бир янги масжидда ўқишди

«2015 йилги Рамазон ойи Кореянинг Кимихи шаҳри ва унинг атрофида истиқомат қилаётган ватандошларимиз учун Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг марҳамати бўлди, десак муболаға булмайди. Сабаби – ҳамюртларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан бу ерда яна бир жомеъ масжид очилди. Бу масжидга буюк ватандошимиз Имом Бухорий номини бердик, – дейди масжид фаолларидан бири Авазхон Олимхон ўғли. – Рамазон ойининг биринчи куни масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу кундан таровеҳ намозлари ҳам бошлаб юборилди. Албатта, Аллоҳнинг бу неъматидан ватандошларимиз хурсандчиликларининг чеки йўқ».
Мавзуни масжид фаоллардан яна бири Дилшодбек Абдуллоҳ ўғли давом эттириб, шундай дейди: «Дастлаб Кимихи шаҳрида покистонликларнинг иккита масжиди бор. Индонезияликларнинг, Шри-Ланкалик мусулмонларнинг масжидлари бор-ку!» деганлар ҳам бўлди. Шу ўринда бир нарсани айтмасдан иложим йўқ: ўтган йил Кожедодаги ватандошларимиз покистонликлар билан бирга масжид очишган эди, бироқ улар барлавий ақийдасида экани маълум бўлди. Ҳамюртларимиз маслаҳат қилиб, устоз шайх ҳазратларига мурожаат қилишди. У зот уларнинг ақийдаси бизнинг ақийдамизга зид эканини тушунтириб бердилар. Шу сабабли алоҳида масжид очишга тўғри келди. Шундан сўнг яна шайх ҳазратларига мурожаат қилиб, «Биз масжид очишга ҳаракат қиламиз, сиздан илтимосимиз – бизга бир муносиб имом топиб берсангиз», деб илтимос қилишди.
Ниҳоят, 2015 йилнинг февраль ойи бошларида ҳукуматимиздаги мутасадди ташкилотларнинг розилиги билан, ўйлаганимиздан ҳам зиёда, илму тушунчаси ҳар томонлама мукаммал, олий маълумотли, юртимизда кўп йиллар имомлик қилган Нуруллоҳ қори ака Кожедодаги масжидга имом этиб тайинландилар. У киши Кореядаги ватандошларимизнинг диний масалалардаги, дунёвий, оилавий ва бошқа барча саволларига жавоб бериб, хизмат қилиб келмоқдалар.
Алҳамдулиллаҳ, эндиликда барча намозхонлар турли хил оқимлардан, турли фитналардан холи бўлиб, тартиб билан, Имоми Аъзам мазҳабида ибодат қилиб келишмоқда. Ватандошларимиз, ҳатто Корея давлатининг мутасаддилари ҳам қори домламизнинг олиб бораётган ишларидан хурсандликларини билдириб турибдилар. Биз бундан фахрланамиз.
Мусофирликда юрган ватандошларининг ғамини еб, уларнинг ташвишида жонкуярлик қилган, бизга шундай устознинг юборилишига катта ҳисса қўшган, барчамизнинг устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари раҳимаҳуллоҳнинг ҳақларига доимо дуолар қиламиз.
Айни пайтда, бундай савобли ишларнинг амалга ошишида давлатимиз раҳбарияти, хусусан, юртбошимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсатларини эътироф этишимиз лозим.
Бу йилги Рамазоннинг Қадр кечасида унутилмас бир тадбир ўтказилди – устоз қоридомламиз бошчилигида Пусан вилоятида Қуръони Каримнинг 30-жузи тиловати бўйича Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Мусобақага Пусан вилоятидаги масжидлар раҳбарияти ҳамда бир неча чет эллик меҳмонлар ҳам ташриф буюришди. Мусобақада ватандошларимиз билан бир қаторда Индонезия, Шри Ланка, Малайзия ва марокашлик қорилар иштирок этишди. Ҳакамларнинг қарорига кўра, биринчи ўринга индонезиялик Шайхан қори, иккинчи ўринга ватандошимиз Абдулҳаким қори, учинчи ўринга эса яна бир ватандошимиз Фарҳодбек қори муносиб деб топилди. Мусобақада биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган ғолибларга мукофот сифатида ҳаж сафари харажатларининг ярми қоплаб бериладиган бўлди. Учинчи ўринни қўлга киритган ғолибга эса пул мукофоти берилди.
Мазкур Қуръон мусобақаси иштирокчилар қалбида ўчмас из қолдирди, десак муболаға бўлмайди. Бундай холис ният билан ўтказилган мусобақа Ватанимиз шаъну шарафининг янада юқори бўлишига хизмат қилди.
Алҳамдулиллаҳ, ҳайит намозини Кимихи, Кожедо ҳамда Улсандаги масжидларимизда тинчлик ва осойишталикда, ватанимиз шаънига дуолар билан, ўтганларимизнинг ҳақларига Қуръон тиловат қилиб ўтказдик. Ватанимизнинг тинч-фаровон бўлиши, гуллаб-яшнаши, Ўзбекистон ҳамда Корея давлатлари орасидаги дўстлик ришталари янада мустаҳкам бўлиб боришини сўраб дуолар қилдик».