БМТ: Дунёда қочқинлар сони хавфли рақамларга етиб келди

БМТ ҳисоб-китобига кўра, ўз уйларини тарк қилишга мажбур бўлган одамларнинг умумий сони 60 миллионга етган. Бу масалада, Сурия Афғонистондан ҳам ўтиб кетди.
Қочқинлар масаласи бўйича БМТ Олий комиссари Антонио Гутеррес Сурия, Ироқ, Яман, Бурунди ва бошқа мамлакатларни санаб туриб, бу йил ҳолат ижобий тарафга ўзгаришига умид йўқлигини айтди: инқирозлар кўпайишда давом этмоқда, Сурия-Ироқдаги фожиа катталашган, қолган муаммолар ҳам ўз ечимини топгани йўқ. Гутерреснинг сўзлари Сурия, Либия ва бошқа мамлакатларда давом этаётган урушлардан қочиб, Ўрта Ер денгизи орқали Европага оқиб бораётган мухожирлар тўлқинини уддалай олмаётган бир вақтда янгради, деб хабар қилди Al-jazeera.
Қочқинлар масаласи бўйича БМТ Олий комиссарлиги ҳисоб-китобига кўра, ўтган йили дунё бўйлаб, мухожирлар сони 59,5 миллион одамни ташкил қилган, мамлакат ичида бўлган қочқинлар сони эса 38,2 миллион бўлган. Бу 1950 йиллардан бошлаб, қочқинларни рўйхатга олишдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Суриянинг ўзидан 11,6 миллион жон сақлаб қочган. Мамлакатда давом этаётган урушнинг тўртинчи йилида 3,9 миллион одам мамлакатни тарк қилган, ҳамда айни вақтда 107 та мамлакатга тарқалган.
Шу тарзда Сурия 30 йилдан бери уруш бўлаётган Афғонистонни иккинчи ўринга тушириб юборган (хорижда 2,6 миллион афғонистонлик қочқинлар яшайди, уларнинг 1,51 миллиони Покистонда). Бошқа мамлакатларга қиёс қилинадиган бўлса, Сурияга қўшни бўлган Туркияда 1,59 миллион қочқин қўним топган. Ўтган йили ўз ватанларига 126 800 нафар одам қайтган - бу 1983 йилдан бери энг паст кўрсаткичдир. Пайшанба куни Истамбулда чиқиш қилган Гутеррес сўнгги йилларда қочқинлар сони шиддат билан ошиб бораётганидан ўз хавотирини билдирган. Олий комиссар "барча мамлакатлар қочқинлар учун ўз дарвозаларини очишига" даъват қилди, хусусан Европа ва Форс кўрфази мамлакатларини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади