Ғарқ бўлган болачанинг сурати бутун дунёни ларзага солди

2 сентябрь куни Туркиянинг Бодрум шаҳри пляжи соҳилидан топилган уч ёшли суриялик қочоқ болакайнинг сурати Ғарб оламини ларзага солди ва Европанинг кўзга кўринган рўзномаларнинг биринчи саҳифасида эълон қилинди.
“The Huffington Post”нинг ёзишича, "Суриялик қочоқ болакайнинг юзтубан ҳолатда Туркия пляжларидан бирида ўлиб ётгани сурати, Европада қочоқлар орасидаги катта қурбонликлар ҳақида гувоҳлик бериб турибди. Боланинг мурдаси, суриялик қочоқлар чиқиб олган икки қайиқнинг чўкиб ктганидан сўнг топилди. Қайиқ Кос оролларидаги Бодрум шаҳрига сузиб боришга уринган. Тирик қолганларнинг сўзларига қараганда, ҳалок бўлганлар жами 12 киши бўлиб, улар орасидан тўрт нафари аёл ва болалардир. Етти киши қутқариб қолинган. Турк ОАВ хабарига кўра, ҳалок бўлган уч ёшли суриялик болакай —Айлан Курди Кобани шаҳридан бўлган. Унинг 5 ёшли акасини ҳам ҳалок бўлган, деб ҳисоблашмоқда. "Сурат шуни исботлаб турибдики, ўз диёрларида турли қуролли қарама-қаршиликлар юз бераётгани сабаб одамлар яхши ҳаёт излаб Европага оқиб келишмоқда", — деб ёзади газета.
"Бу сурат Европада жуда катта ташвишга айланган қочоқлар масаласини қанчалар чуқур муаммо эканлигини кўрсатиб берди", — дейди Human Rights Watch вакили Питер Букерт. Хабар беришганидек, қочоқлар муаммосини ҳал этиш учун Германия Конституциясини ўзгартиришга тўғри келади. Буни Германия ички ишлар федераль вазири Томас де Мезьер эълон қилди. Европа Иттифоқида ҳам шу масалад қатор чоралар кўриб чиқилмоқда. Кўп ҳолларда Евроиттифоқ Ўртаер денгизидан Европага ўтиш пайтида ҳалок бўлаётган қочоқлар масаласида турли чоралар қўллашга мажбур бўляпти. Европарламент бошлиғи Мартин Шульц қочоқлар масаласини ҳал этиш учун янги квоталар эълон қилиш ва қочоқларни Европа Иттифоқи мамлакатлари бўйлаб жойлаштириш ишларини янги босқичга кўтариш кераклигини таъкидлаган.
Абу Муслим
Соҳилдаги гўдак нидоси
Мурғак бу танамга бўзлаб йиғлама,
Кўнгилни ғашлама, юрак тиғлама.
Балки, йиғла, уммат, ожизлигингга,
Бўзла, инсоният, ночизлигингга.
Инсон ҳуқуқидан сўз очма, башар,
Лоақал жим тургин, инсонсан агар.
Нифоқу ёлғонга тўлган, эй олам,
Бир нафас сукут қил, сўзлайин мен ҳам.
Дунёга келгандим, кўп вақт бўлмади,
Балоғатга ҳали ёшим тўлмади.
Ота-онам билан яшардим сокин,
Севардим, ўпардим ватаним хокин.
Мен ўйнаб юргандим мутлақ беозор,
Ҳеч кимга кўнглимда йўқ эди ғубор.
Ўзгалар оёғи бош бўлмиш бизга,
Ўз қўлимиз етмас ҳаттоки тизга.
Айбимиз – қўрқармиш биздан қўшнимиз,
Семизроқ экандир яна қўзимиз.
Баногоҳ уйимни тутди бир олов,
Ўтинлар хўп ёнар, кўринмас косов.
Бир-бирин ўмарди қадим қардошлар,
Қўл-оёқ узилди, кесилди бошлар.
Бошларда ақл йўқ, кўз кўр, тил соқов,
Қўл-оёқ хиёрсиз, бир-бирига ёв.
Мен оловдан қочиб, чўкдим денгизга,
Дунёни тарк этдим, одамлар, сизга.
Денгиз ҳам вужудим юта олмади,
Дардимни уммон ҳам кўтаролмади.
Сувининг шўрлиги кўзим ёшидан,
Тўлқинлар юрагим ютган тошидан.
Бугун мен ётибман соҳилда сокин,
Юзларим ўпармиш ўзга юрт хокин.
Кўз ёшимни денгиз ювиб ётибди,
Бошимни тўлқинлар силаб ётибди.
Майли, жонсиз танам кўрсин ҳам дунё,
Виждонсиз нигоҳлар тушмасин аммо.
Бошим силамасин, қилурман ҳазар,
Золимга узалган қўл бўлса агар.
Совуган жасадим ўпмангиз, зинҳор,
Ҳаққа очилмаган лабдан этгум ор.
Боқманг кимлигимга, сабаб сўраманг,
Бир инсон фарзанди инсон деб қаранг.
Ҳали, эй инсонлар, берасиз жавоб,
Мурғак бу жонимдан сўралур ҳисоб.
Демангиз чўкмишдир жажжи бир бадан,
Исломий ҳамият, инсонлик чўккан.
Жоним олиб қочдим, борганим ажал,
Қорнингиз тўқликдан ёрилган маҳал.
Менку жаннат сари учдим қуш бўлиб,
Қардошларим асранг, кетмасин ўлиб.
Отам Иброҳимга етишдим омон,
Сизларни кутмасин Фиръавну Ҳомон.
Кўзни очинг, қайтинг ўзлигингизга,
Бўлди, расм чизманг кўзлигингизга.
Мусулмон мусулмон зулмидан қочса,
Ўзгалар унга ўз эшигин очса,
Араблар эшигин қоқмаса араб,
Ўзга остонада турса мўлтираб,
Эй Уммат, ҳаётдан кечганинг яхши,
Денгизларга чўкиб кетганинг яхши!
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид