Қозоғистонда келаси йилдан Россия телеканаллари узатилмаслиги мумкин
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев «Телерадиоузатув ҳақида»ги Қонуннинг 34 моддасига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қонунга имзо чекди. Ўзгартиришлар 2016 йил 1 январдан кучга киради, дея хабар беради Qostanay.TV.
Унда «Реклама ҳақида»ги Қонунга мос келмайдиган барча рекламаларга таъқиқ қўйиш кўзда тутилган. Яъни, эфирдан барча рекламалар олиб ташланиши керак деб ёзади агентлик. Чет эл каналларини ретрансляция қилувчи компания вакилларининг сўзларига қараганда, уларнинг рекламани автоматик қирқиб узатувчи қурилма харид қилишга маблағи йўқ. Шунинг учун улар хорижий каналлардан воз кечишга тўғри келади.
Боз устига, ҚР қонунларига кўра, бирор кишининг манфаатини кўзловчи исталган маълумотлар реклама ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда, реклама тушунчаси, анонсларга ҳам, телекўрсатув бошловчисининг гапларига ҳам мос келиши мумкин. Бу каби маълумотларни автоматик ўчириб юборишга мўлжалланган техник воситалар ҳали ўйлаб топилмаган, дейилади мақолада.
Ибн Маъруф таржимаси



