Тожикистон мактабларида янги йил арчасига таъқиқ қўйилди
Тожикистон фан-таълим вазирлиги мактабларда Янги йил байрамининг бош тимсоли - арча ўрнатилишига таъқиқ қўйди. Ушбу таъқиқ хоҳ ҳақиқий арча бўлсин, хоҳ ясама - барчасига амал қилади, деб айтилади Тожикистон таълим вазири буйруғида.
«Барча турдаги арчалар ўрнатиш, пиротехника ишлатиш, байрам йиғинлари, совғалар улашиш ва мактаб ўқувчиларига ресторанларда зиёфат уюштириш қатъиян таъқиқланади», - дейилган вазир нинг буйруғида.
Шунингдек, таълим вазирлиги янги йил байрамида деворий газета, маданий ва адабий тадбирлар, ҳамда спорт мусобақалари уюштиришни тавсия қилган.
Бундан ташқари, буйруқда кўрсатилишича, мамлакат мактабларида 2015 йилнинг 25-31 декабр ва 2016 йилнинг 1 январида мактабга жавобгарлар томонидан навбатчилик ташкил қилиниши ва ёнғин ҳамда фуқаролар хавфсизлиги таъминланиши лозим.
Бундай буйруқ биринчи бор вазирлик томонидан 2013 йилда берилган. Шу йили ўқув масканларида маданий, спорт, адабий тадбирлар ўтказилишига тавсия берилгани, аммо бундай тадбирлар 15:00 да тугатилиши лозимлиги уқтирилган.
Ибн Маъруф тайёрлади



