«ISLOM.UZ-1435» Маънавий-маърифий танлови ғолиблари

«ISLOM.UZ-1435» Маънавий-маърифий танлови ғолиблари

 «…Ва мусобақа қилувчилар шу нарса учун мусобақа қилсинлар». 
(Мутоффифун сураси, 26-оят)

Бандаларини Ўзининг розилиги йўлида мусобақалашишга чақирган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!
Роббининг пайғомини умматига омонат ила етказиб, оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбаримиз ҳазрати Расулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломларимиз бўлсин!

 

Муҳтарам порталимиз мухлислари, азиз дўстлар!

Ислом.уз портали томонидан бир неча йиллардан буён маънавий-маърифий танловлар ўтказиш хайрли бир анъанага айланиб қолган эди. Ушбу танлов ҳижрий йил бошида эълон қилинар, сўнг йил охирида танловга якун ясалиб, кейинги йилнинг бошида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилар эди. Аммо Ислом.уз-1435 танловининг якуни барчамизга маълум бўлган сабабларга кўра кечиктирилди. Шу муносабат билан, танлов иштирокчилари ҳамда порталимиз мухлисларидан узр сўраймиз ва танлов ташкилотчиларини тўғри тушунасиз деган умиддамиз. 
Динимизда бу каби хайрли ишларнинг бардавом бўлиши матлублигини инобатга олиб, устозимиз бошлаб берган бу гўзал анъанани давом эттириб, у зотнинг руҳларини шод этиш мақсадида портал ходимлари томонидан муборак мавлид ойида мазкур танловга хотима ясаб, унинг якунларини эълон қилишга қарор қилинди. Шу муносабат билан:

«Ислом.Уз» портали навбатдаги «Ислом.Уз-1435» танлови якунланганини эълон қилади. Айни пайтда, ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими муборак рабиъул аввал ойида саййидул муқтадо, хотамул анбиё ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлиди шарифларига бағишлаб ўтказиладиган байрам анжумани дастурига киритилганини ҳам мамнуният ила маълум қиламиз.
Анъанага кўра, танловимизда иштирок этган барча қатнашчиларга, бу тадбирга хайрихоҳлик қилган, холис дуода бўлган мухлисларимизга ташаккурлар айтамиз. Қимматбаҳо вақтларини, билим ва тажрибаларини, қобилият ва кўникмаларини Аллоҳ таолонинг розилигига йўналтириб, танловга ўз асарларини тақдим этган барча иштирокчиларимизга раҳматлар айтамиз. Келгусида бундай тадбирларимизнинг янада кўпайишини, уларнинг давомий бўлишини, ўзимиз ўйлагандан ҳам афзал бўлишини Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан илтижо қилиб қоламиз.

Танловимиз низоми ва тартиб-қоидаларига биноан, ҳакамлар ҳайъати «Ислом.Уз-1435» танловига тақдим этилган асарларни ўрганиб чиқиб, танлов ғолибларини аниқлади.

«Ислом.Уз-1434» танлови ҳакамлар ҳайъати:
- порталга ташриф буюриб, танловга тақдим этилган асарларни баҳолашда иштирок этган мухлисларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда;
- барча қатнашчиларга танловда фаол иштирок этганлари учун самимий миннатдорчилик билдирган ҳолда;
- асарларнинг савияси, аҳамияти, сифати ва даражалари ҳамда уларга қўйилган баҳоларни ҳисобга олган ҳолда:

«ИСЛОМ.УЗ - 1435» ТАНЛОВИ ҒОЛИБЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛАДИ:

Ҳакамлар ҳайъати томонидан берилган баҳолар асосида энг юқори натижа олган уч иштирокчимиз ғолиб деб топилдилар:

•    Ғиёсиддин Муҳаммад Юсуф
•    Музаффар Муҳаммадзода
•    Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ

Ҳакамлар ҳайъати қуйидаги қатнашчиларимизни порталимизнинг энг фаол иштирокчиси деб топди:

•    Умиджон Турсинов
•    Даврон Нурмухамедов
•    Фарходбек Жўраев

Муҳтарам танлов ғолиблари!

Барчангизни Ислом.Уз-1435 танловида ғолиб бўлганлигингиз муносабати билан самимий муборакбод этамиз! Барчангизга Ислом.Уз-1435 порталининг мухлислари, ходимлари, юртимизнинг барча мусулмонлари номидан ташаккурлар изҳор қиламиз.
Танловимизнинг азиз ғолиблари! Мукофотлар Сизларга мунтазир!

Сизларни танлов ғолибларини тақдирлаш маросимида кутиб қоламиз!
 
***

«Ислом.Уз-1435» танловининг барча ғолибларидан 2015 йил 27 декабрь куни «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти биносида тақдирлаш маросимига ҳозир бўлишларини сўраймиз.

Тақдирлаш маросими соат 10:00 да бошланади

Манзилимиз: Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, 20-мавзе, Сўгалли ота кўчаси, 5-уй. 98-автобус ҳамда 17-трамвайнинг «Бўрижар масжиди» бекати.
Мўлжал: Тошкент метрополитенининг «Олмазор» бекати, «Илонли ота» (Бўрижар) масжиди; «Тош куч» спорт маркази; 

Маълумот учун телефонлар: +998 98 3635006

back to top