Германия элчисининг ташрифи

Германия элчисининг ташрифи

18 январь куни Германиянинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Найтҳарт Ҳёфер-Виссинг «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётига ташриф буюриб, Исмоил Муҳаммад Содиқ билан учрашди. Учрашувда элчи жаноблари Исмоил Муҳаммад Содиққа ўтган йилги оғир жудолик муносабати билан яна бир бор таъзия изҳор қилди ва бу йилнинг хурсандчилик ва яхшиликлар йили бўлишини тилади.

Суҳбат давомида элчи жаноблари бутун дунёни ташвишга солиб турган терроризм муаммолари, шунингдек, Европадаги, хусусан Германиядаги қочқинлар муаммосига ҳақида тўхталиб ўтди ва Ислом дини бу муаммони қандай муолажа қилиши мумкинлиги борасида Исмоил Муҳаммад Содиққа саволлар берди. Элчи жаноблари саволларга берилган жавоблардан мамнун бўлди. Исмоил Муҳаммад Содиқ меҳмонга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мазкур муаммога бевосита тегишли бўлган «Очиқ хат» китобларининг рус тилидаги нусхасини  совға қилиб, ташриф учун миннатдорчилик билдирди.
Муҳтарам меҳмонимиз келгусида яна учрашиш ниятини билдириб, хайрлашиб, жўнаб кетди.

back to top