Иш жойидаги намоз ҳақидаги баҳс мавзуси янги бурилиш ясади

Иш жойидаги намоз ҳақидаги баҳс мавзуси янги бурилиш ясади

2015 йил охирида АҚШдаги Колорадо штатининг Форт Морган шаҳрида 150 мусулмон иш жойида намоз ўқиганлиги учун ишдан ҳайдалганлиги маълум бўлган.

Бироқ, 2016 йил бошида Cargill компанияси ўз сиёсатини ўзгартирганлиги сабабли, ҳайдалганлар учун гўштни қайта ишлаш заводига яна ишга жойлашиш имконияти туғилди. Аммо Шарқий Африкадан келган иммигрантлар ва маҳаллий мусулмон бошлиқларининг айтишича, бу билан аҳволни ўнглаб бўлмайди. Ушбу жамоада ижтимоий таранглик юзага келиб, у айримлар ишда қолиб, айримлар ундан айрилиши билан боғлиқ. Ишсизлик туфайли шаҳарни 20 оила аллақачон тарк этиб бўлган. Форт Морганга 5 йил аввал келган сомалилик қочқин опа-сингил Нурто ва Садиё Абдилар дастлаб кунига 5 маҳал намоз ўқиш учун ишдан қисқа вақтли танаффус сўрашган. Декабрь ўртасида эса, бошқарма бу танаффусга салбий қарай бошлаган ва опа-сингиллар 4 йил меҳнат қилиб келган ишидан айрилишган, дея хабар бермоқда NPR нашри. 
Америка-Ислом муносабатлари Шўроси ҳуқуқшунослари мусулмонларнинг арзи асослилигига ишончи комил бўлса-да, Cargill бошқармаси шикоятларни рад этмоқда. «Ҳеч қачон, ҳеч кимга намоз ўқиш мумкинмас демаганмиз, ёки намоз учун шароитлар йўқ эмас, - дея баёнот берган завод вакили Майк Мартин. – Шунчаки, бизда аниқ вақт оралиқлари мавжуд бўлиб, шу оралиқда ходимларнинг сонига боғлиқ сабабларга кўра, намоз учун танаффусга рухсат бера олмаймиз».

Ибн Маъруф таржимаси

back to top