Қримнинг Россия таркибига кириши – миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқими?

Қримнинг Россия таркибига кириши – миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқими?

Ғарбнинг хавотирлари рўёбга айланди. Россиянинг агрессив империалистик башараси очилди ва қўшни давлатларни НАТО қаноти остида ҳимоя қилиши кераклиги ҳақида гапириб келган сиёсатчилар дўппиларини осмонга улоқтирмоқда. Уларнинг башоратлари амалга ошди, Путин империяси ҳужумга ўтиб, зарба бермоқда.

Европа матбуотида Путиннинг “русларнинг ҳимояси” деб номаланган сиёсатини  Гитлернинг 1938-39 йилларда Австрия ва Чехословакияга нисбатан муносабатлари билан қиёс қилишмоқда. “Судет сценарияси” ҳақида жуда кўп сиёсатчилар гапира бошлади. Энди дунёда Путиннинг халқаро шартномаларга чеккан имзоси ҳеч қандай қадрга эга эмаслиги ҳақида айтилмоқда. Йирик давлатлар иштирокидаги халқаро шартномалар тизимига ҳам шубҳа билан қараладиган бўлинди. 1994 йилги меморандумга кўра, Украина ўзидаги ядро қуролларидан воз кечиш эвазига унинг ҳуддудий яхлитлигини АҚШ ва Россия кафолатлаган эди. Энди Украина керакли қуроллардан воз кечганидан афсус чекмоқда.
Путин ҳар қанча ўзининг “яшил одамлари”ни Қримнинг ўз-ўзини мудофаа қилиш гуруҳлари деб атамасин, Қримдаги Россия армияси ва флотининг ҳарбий амалиётлари – Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини сурбетларча бузишдир. Россия махсус гуруҳларининг автоматлари тагида “Қрим ҳукумати”ни ташкил қилиб, унга Сергей Аксеновни раҳбар қилиш ҳам қонуний (легитим) эмасдир.
Путиннинг 21 февраль битимларига қайтиш ҳақида Украинага қўйган талаби ҳам асосиздир. Унга Путиннинг вакили Владимир Лукин имзо чекмаган. Сўнг президент Виктор Янукович ҳам кутилмаганда қочиб қолди. Аслида у битимга кўра, парламент тарафидан бир овоздан қўллаб-қувватланган, конституциянинг 2004 йилгисига қайтиши ҳақидаги қарорга имзо чекиши керак эди. Януковичнинг бу хатти-ҳаракатлари ҳокимиятнинг Олий Радага ўтиб кетишига туртки бўлди. Собиқ президент тарафидан сотилиб кетилган Регионлар партияси ҳали ҳам ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Януковичнинг сўнгги иши Россия армиясини Украинага таклиф қилиш бўлди.
Легитимлик ҳақидлаги гап-сўзлар билан, Ғарбнинг бирон бир нарса қилишга ошиқмаётганини кўрган русларнинг “уруш партисининг” пешволари ўзларининг хуфя тармоқлари ёрдамида Украинанинг жануби-шарқий ҳудудларида ҳамда Донбасни қўзғатиш билан барқарорсизликларни келтириб чиқармоқда. Тартибсизликларга сармоялар киритилмоқда, турли хил безориларни “халқ губернаторлари” дея тасаввур ҳосил қилидиришга уринишмоқда. Буларнинг асл мақсади Киевни Қримда чалғитишдир.
Сўнгги кунларда Қримнинг Россия таркибига кириши ҳақида жуда кўп мақолалар чоп этилди. Бироқ бу масаланинг бир жиҳати борки, деярли у ҳеч кўтарилгани йўқ.
Сўнгги ярим аср ичида биз бирон бир давлатнинг бир қисми ажраб янги мустақил давлат бўлиб шаклланганининг шоҳиди бўлмадик – 1971 йили Бирлашган Покистоннинг Покистон ва Бангладешга бўлиниб кетишидан 2011 йили Жанубий Судан давлатининг ташкил топишигача (собиқ мустамлакаларнинг мустақилликка эришгани ҳақида бу ерда гапираётганим йўқ). Бошқача сўз билан айтганда, ажраб чиқиш амалиёти миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш тезисига асосланади. Бунга барча халқларнинг ҳаққи бор. Бошқа тарафдан олиб қарасак бундай ажраб чиқиш харқаро ҳамжамият тарафидан тан олиниши учун маълум бир қоидаларга амал қилишни талаб қилади.
Қандайдир ҳудуднинг бир давлатдан бошқа давлатга ўтиши (қўпол қилиб айтганда, аннексия қилиниши) 1945 йилдан бери амалга оширилмаган. Янги жаҳон тартибида шу нарса жорий бўлиб турган эди. Қримнинг Россияга ўтиши эса мазкур тартибнинг қўпол равишда бузилишини англатади.
Агар маълум бир ҳудудда яшаётган бирон бир халқ ўзи мустақил давлат тузиш қарорида қатъий бўлса, гап миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши ҳуқуқи ҳақида бораётган бўлади. Агар у оддийгина ўз “хўжайинини” алмаштириш ниятида бўлса, бу миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш бўлмайди. Бунинг устига янги “хўжайин”нинг манфаатлари уларга эркин хоҳиш билдиришига яхшигина тўсқинлик қилади.
Албатта, ҳозирнинг ўзида халқаро ҳуқуқ деган нарсанинг ўзи йўқ, деган  маънодаги чақириқлар янграб турибди, яъни уларга кўра, ким кучли бўлса ўша ҳақ эмиш. Агар худди шундай тарзда “готтентотлар[1]” позициясида турилса ҳам, Россия раҳбарларининг сиёсати ҳар қандай танқидга бардош бера олмайди. Беш асрдан бери ҳеч ким ёлғиз ўзи урушмайдиган бўлган. Ҳамма ўзига иттифоқчиларни қидиради. Урушдан кейин собиқ Совет иттифоқининг қанча-қанча иттифоқчилари бўлганини бир эслангчи – Варшава шартномаси, Вьетнам, Куба ҳамда Африка ва Осиёнинг бир қатор мамлакатлари. Венгрия ва Чехославакиядаги исёнларни бостириб ташлаш “готтентотлар” одобига тўла мосдир. Оқибат собиқ иттифоқ ўзининг малайларини сақлаб қолди.
Украинадан Қримнинг тортиб олинишини ҳатто “готтентотлар” қарашлари билан ҳам оқлаб бўлмайди. Мадомики, Россия ўзининг энг яқин потенциал иттифоқдошини йўқотар экан, унинг бошқа қўшинлари ҳам энди унинг сурбетлигидан узоқда бўлишни истайдилар. Россиянинг бу ҳатти-ҳаракатларидан бирон бир янги иттифоқдошга эга бўла олмаслиги ҳам аниқ.
Шу ой ўртасида ўтказилиши мўлжалланаётган “референдум” (ҳақиқий референдум бу шаклда ўтказилмаслиги боис, бу сўз қўштирноққа олинди) ҳақида икки оғиз сўз. Унда саволлар қуйидагича баён қилинган:
“Сиз Россия Федерацияси субъекти сифатида Қримнинг Россия билан қўшилишига розимисиз?”
Бироқ Россия федерациясида турли хил субъектлар бор – республикалар, ўлка, вилоятлар, автоном округлар. Барча субъектлар тенг ҳуқуққа эга деб ёзиб қўйилган бўлса ҳам, аслида фарқлар борлигини ҳам яхши биламиз. Хусусан тил жиҳатидан ҳам. Қримликлардан эса қай тарзда Россия таркибига қўшилиши ҳақида сўраётганлари ҳам йўқ.

Қрим можаросидан асосан татарлар азият чекиши мумкин

Қрим атрофидаги тортишув Украинанинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солмоқда. Аммо энг катта йўқотишни Қрим татарлари бошдан кечириши мумкин. Қримнинг Боғчасарой шаҳри Россияга мойил кучлар қўлида. Ҳудуд устидан даъвогарлик Украина ва Россия орасида кетаётган бўлса ҳам, бу ернинг ҳақиқий эгалари аслида улар эмас. Қрим азалдан маҳаллий татар халқининг она ватани бўлган. Шу боис руслар босқинидан энг кўп хавотир олаётганлар ҳам улар.

Ўтган асрларда туркий элат бўлган бу мусулмон халқ кўп қийинчиликларни бошдан кечирди. Қрим хонлигининг маркази бўлган Боғчасарой XVIII асрга келиб Россияси империясига қўшиб олинди. Бу кўҳна сарой шуҳрати Пушкин қаламига мансуб "Боғчасарой фонтани" орқали янада ошган. Минтақада хавфсизлик бўйича вазият оғирлашганига қарамай, татарлар ўз уйларини тарк этиш ниятида эмас. Масжидларда эркаклар тинчлик сўраб ибодат қилмоқда. Улар, Пушкин ифодаси билан айтганда, “тиниқ осмон ва мовий тўлқинлар” остида осуда умр кечиришни истайди. Аммо маҳаллий парламент кўзда тутган референдум амалга ошадиган бўлса, Қрим татарлари яна бир бор Москва назорати остига ўтиши мумкин.

----

[1] Африканинг жануби-ғарбида яшовчи ёввойи халқ

back to top