Қирғинбарот қачон тугайди?
Қирғинбарот қачон тугайди?
Беш ой муқаддам ҳукумат тепасига келган партиянинг вакили, Бирманинг сиёсий етакчиси, тинчлик учун Нобель мукофоти совриндори Аун Сан Су Чжига қарши мамлакатда бўлаётган ҳолат юзасидан халқаро босим кучаймоқда. Яқин-орада эълон қилинган маълумотларга кўра, Мяньма миллий армияси қўшинлари Роҳиня мусулмонларига қарши оммавий қирғин уюштириб, аёлларининг номусига теккан, эркакларини ўлдириб, уйларини ёқиб юборган.
«Нью Йорк таймс» газетаси «Ассошиейтед пресс» ахборот агентлигининг хабарига таяниб, АҚШ бу мамлакатда бўлаётган оммавий қирғинни тўхтатиш учун фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва кўнгиллиларга ёрдам кўрсатишга ва уларга қўшилишга қарор қилганини айтади. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг жорий душанба куни эълон қилган маълумотларига кўра, сунъий йўлдош орқали асосан мусулмонлар истиқомат қиладиган Оракан минтақаси суратга олинган. Маълум бўлишича, бу минтақадаги учта қишлоқ батамом ёқиб юборилган.
Ўтган бир неча йиллар давомида буддист полициячилар ва миллий армия томонидан мамлакатдаги мусулмонларга қарши содир этилаётган жиноятларни ва қирғинни тўхтатиш ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамай, ҳукумат ҳамон мамлакатда бу каби жиноятлар содир этилаётганини инкор қилиб келмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича бир неча халқаро ташкилотлар мамлакатдаги ҳақиқий аҳволни аниқлаш учун Мяньмага комиссия юборишни талаб қилишган, лекин ҳукумат доимий равишда журналистлар, инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг ходимлари ва инсонпарварлик ёрдамларини етказувчиларнинг оммавий қирғин уюштирилган минтақаларга киришига рухсат бермай келади.
БМТнинг Мяньмадаги инсон ҳуқуқлари бўйича докладчиси Ян Ги Лининг таъкидлашича, мамлакатда мусулмонларга қарши уюштирилаётган зўравонликлар турли шаклда бўлиб, калтаклаш, ўлдириш, қамаш, ёқиб юбориш, масжид ва уйларни бузиб ташлашдан иборатдир. Бу ҳолатлар доимий давом этиб, мамлакатда демократия принциплари қўпол равишда бузилаётганидан далолат қилади.
Аксарият аҳолиси буддистлардан иборат бўлган ушбу мамлакатда мусулмонлар масаласи ҳамон мураккаб ва очиқлигича қолмоқда. Расмий ҳукумат мамлакат мусулмонларидан охирги сайловларда ҳатто овоз бериш ҳуқуқини ҳам олиб қўйган. Ҳеч бир партия ўз номзодлари ичида мусулмон номзоднинг исмини келтирмаган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг таъкидлашича, сайловда иштирок этиш учун келган минглаб мусулмонларни ҳукумат ва раҳбар партия томонидан мамлакат фуқароси деб тан олинмагани учун сайловлардан ҳайдаб юборишган. Аҳолиси 50 миллиондан ортиқ кишини ташкил этувчи Мяньмада сайловда овоз бериш учун 30 миллион киши рўйхатга олинган.
Аун Сан Су Чжи бошчилигидаги ҳукмрон партия ҳам бир гуруҳ буддист руҳонийларнинг босими сабабли мусулмонларни ўз номзодлари рўйхатидан чиқариб юборганини тан олган. Шунингдек, армия томонидан доимий қўллаб-қувватланиб келган собиқ ҳукмрон партия ҳам парламентда 25 фоиз ўринга эга. Бу эса конституцияга мусулмонлар манфаатига оид бирон ўзгартириш киритилмаслигини кафолатлайди.
Маълумки, Мяньма армияси мамлакатни тўлиқ ўз назорати остига олган бўлиб, 1988 йилдаги ҳарбий инқилоб орқали ҳукмронлигини янада мустаҳкамлаган. Бир қатор таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бир йилча олдин сайланган янги ҳукумат ва парламент ҳам армияга таъсир ўтказа олмайди, унинг изнисиз бирон ҳаракат қила олмайди. Ҳатто конституция ҳам армиянинг мустақиллигини, ҳукуматдан ҳам устун туришини таъминлайди.
Мяньмада узоқ йиллар давом этган ҳарбийлар ҳукмронлиги даврида мамлакат камбағалликдан, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожланмаганидан азият чекди. Мяньма аҳолисининг 70 фоизи қишлоқ жойларда яшайди ва асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади.
Мамлакатдаги жами аҳолининг 26 фоизи қашшоқликда кун кечиради. Аҳолига хизмат кўрсатиш соҳалари деярли шаклланмаган. Масалан, электр энергия аҳолининг тўртдан биригагина етказиб берилади холос.
Жорий йилнинг 9 октябрь куни саккиз юз мингдан зиёд мусулмон истиқомат қилувчи Оракан минтақаси чегарасида хизмат қилаётган 9 та аскарнинг ўлдирилиши армия томонидан Роҳиня мусулмонларига қарши оммавий қирғин бошланишига сабаб бўлди. Қуролланган мусулмонлардан иборат бир ташкилот ўша 9 аскарнинг ўлдирилгани учун жавобгарликни зиммасига олганига қарамай, армия ҳамон тинч аҳолига азият бермоқда.
Афсуски, Роҳиня мусулмонлари мамлакатда узоқ йиллардан буён истиқомат қилиб келишига қарамай, ҳали ҳамон ўзларининг асосий ҳуқуқларидан маҳрумдир, фуқароликлари йўқ, ўта оғир аҳволда яшайдилар. Бу ҳолатни 2012 йил Франция ахборот агентлиги ҳам тасдиқлаган эди.
2012 йил июнь ойида экстремист, радикал буддистлар томонидан Роҳиня мусулмонларига қарши оммавий қирғин уюштирилди. Бунинг натижасида 280 киши ўлдирилди, 100000 дан зиёд мусулмонлар уйларини ташлаб, армия қуршаб турган исқирт чодирларга кўчиб ўтишди. Армия кичик кемалар орқали қочмоқчи бўлган мусулмонларни қўлга олиб, баъзиларини ўлдирди, баъзиларини эса қул қилиб сотиб юборди, қолганларини эса товон эвазига қариндошларига қайтарди.
Роҳиня мусулмонлари бугунги кунда фақат инсонпарварлик ёрдами билангина жон сақлаб келмоқда.
Мяньма ҳукумати Роҳиня мусулмонларини мамлакат фуқароси сифатида тан олмайди, нафақат чет элга, балки мамлакат ичида сафар қилишга ҳам рухсат бермайди. Бир оилага иккитадан ортиқ фарзанд кўриш тақиқланган. Ҳар бир одам ҳафтада тўлиқ бир кун армия ёки ҳукумат учун бепул ишлаб беришга мажбур. Ҳукумат мусулмонлар эгалик қилиб келган ерларни тортиб олиб, буддистларга берган. Ҳукумат Роҳиня мусулмонларининг атрофдаги Бангладеш каби мамлакатлардан келган муҳожирлар деб ҳисобланиши ва шунинг учун уларга фуқаролик берилмаслигини айтган.
Бу ҳолатни кузатиб турган таҳлилчиларнинг фикрларига кўра, Роҳиня мусулмонларининг аҳволи бу кетишда яқин-орада яхшиланмайди.
Аллоҳ таолодан дунёдаги жамики мусулмонлар қатори Мьянмадаги биродарларимизга ҳам тинчлик-хотиржамлик ато этишини, золимларга Ўзи кифоя қилишини, инсоф-тавфиқ беришини сўраб, дуолар қилайлик!
Нодирбек Хидиров тайёрлади



