Патриарх Кирилл: душманлар софдил мусулмонларни қандай алдаяпти?
Патриарх Кирилл: душманлар софдил мусулмонларни қандай алдаяпти?
Патриарх Кирилл ИШИД софдил мусулмонларни қандай қилиб йўлдан ураётганини изоҳлаб берди. Патриарх Кирилл ХХ Бутунжаҳон рус халқ қурултойининг очилишида терроризм мавзусига ҳам тўхталиб ўтиб, кўпинча Исломга нисбат бериладиган бу иллат ҳақида гапирди.
Патриархнинг айтишича, «исломий» радикализмнинг пайдо бўлиши – Ғарб мамлакатларининг дин соҳасига, инсонларнинг диний туйғуларига қўпол равишда суқилиб киришининг оқибатидир. Бу ҳолат Европа ва Америка давлатлари раҳбариятининг Россия ҳамда бошқа халқлар ўртасидаги, биринчи навбатда Ислом олами билан ўзаро ҳамжиҳатлигига раҳна солади, деди Кирилл.
Патриархнинг айтишича, Ғарбнинг инсон ҳаётидан динни сиқиб чиқаришга уриниши, ғарб мамлакатларида ҳукм сураётган маънавий субутсизлик мусулмонларнинг баъзи тоифалари қалбида нафрат туйғусини қўзғатади. Бундай кишиларнинг тасаввурида Ғарб олами Худодан қайтган, инсонийлик тамойилларидан узоқлашган жамият бўлиб кўринади. Одамларни экстремистик ва террорчи гуруҳларга алдаб оғдириб олувчилар ғарб цивилизациясининг бундай жиҳатларидан ниҳоятда усталик билан фойдаланиб, ўз сафига янги аъзоларни жалб қилиб олмоқда.
«Бундан бошқа бирор-бир важ-корсон билан виждонли мусулмонни бу йўлга оғдира олмайсиз. Аммо бу ғўр ёшларни «Ислом лашкари сафига кирсанг, шайтоний цивилизацияга қарши курашган бўласан» деб ишонтирсангиз, улар бу йўлга кириб кетиши мумкин», дейди Россия православ черковининг раҳбари.
Афсуски, патриарх Кириллнинг гапларида жон бор. Устозларимиз айтганидек, ёшларимиз у юртларда кимлар уруш қиляпти, кимнинг пулига, кимнинг қуроли билан кимга қарши уруш қиляпти, бу урушлардан ким манфаат топяпти, кимга зарар бўляпти, ўйлаб ҳам кўришмаяпти. Буни ўйлаб, оқни қорадан, ҳақни ботилдан фарқлай олиш учун аввало илм-маърифат бўлиши керак, Қуръон ўқиш керак, ҳадис ўқиш керак, Аллоҳ таоло Ислом учун, мусулмон уммати учун, ҳатто охират учун, жаннат учун рози бўлиб танлаган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлаган, саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар сўзлаган, бутун Ислом уламолари, жумладан, буюк аждодларимиз, улуғ ватандошларимиз мукаммал билган араб тилини ўрганиш керак, Қуръоннинг тафсирларини, ҳадисларнинг шарҳларни ўқиб чиқиш керак, ақоидни, фиқҳни билиш керак, Ислом тарихини, дунё тарихини ўрганиш керак. Шундан кейин ҳам дунёнинг бирор жойида бўлаётган воқеа-ҳодисаларни дуч келган манбадан эшитиб олиб, у ерга бориб аралашиш уёқда турсин, бу ҳақда бирор фикр билдиришга ҳам ҳаққимиз йўқ. Мусулмон одам бу воқеалар ҳақида фақат содиқ хабарларни, мутавотир маълумотларни ишончли, одил мусулмонлардан эшитиб, тасдиқлатиб олганидан кейингина бирор муносабат билдириши, фикр айтиши мумкин.
Биз ҳозир бирор юртга бориб, у ерда бўлаётган қирғинбаротларга аралашишни бир четга қўйиб туриб, ўз Ватанимизда бундай фалокатлар, мусибатлар юз бермаслиги учун ҳаракат қилишимиз лозим. Аввал ўз юртимизда, ўз шаҳримизда, ўз оиламиздаги маънавий ҳолатни ислоҳ қилайлик, ўз қалбимиздаги иллатларни муолажа қалиб, руҳимизни тарбиялаб олайлик, аҳли аёлимизни, фарзандларимизни тўғри йўлга солайлик, қўни-қўшниларга, қариндош-уруғларга, ҳамкасабаларга дину маърифатда, инсоф-диёнатда ўрнак бўлайлик. Ёш авлодни оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи, социал тармоқлар орқали ёпирилиб кириб келаётган фаҳшу фасоддан ҳимоя қилиб олайлик, уларни бундай гуноҳ ишлардан ҳазар қиладиган, пойлаб ўтирмасак ҳам, ўз ақли, онги, тушунчаси, эътиқодидан келиб чиқиб, миллий ғурури, соғлом фикри, ўзбекона ҳаё-иффатидан келиб чиқиб, уларга қиё боқмайдиган қилиб олайлик. Ана шундагина ўзимизнинг ташвишлардан ортиб, бошқа юртлардаги муаммоларни ғамини есак, ярашади.



