Қирғизистон Ислом банкингига асосланган инвестициялар хусусида музокаралар олиб бормоқда

02.14.2017 info.islom.uz
Қирғизистон ҳукумати кичик ва ўрта бизнесни исломий банкинги асосида ривожлантириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилишга қаратилган музокараларни олиб бормоқда.
МДҲ мамлакатлари ичида Қирғизистон биринчилар қаторида бўлиб давлат молия тизимига исломий молиялаштириш асосларини жорий қилишга 10 йил аввал киришган эди. Ҳозирда мазкур давлатнинг миллий банки маълумотларига кўра, исломий молиялаштириш тартибларига асосланган банк ва молия хизматларини “ЭкоИсламикБанк” ҳамда “Ак Нур Капитал”, “Береке Финанс” каби бешта микрокредит ширкатлари амалга оширмоқдалар.
“Қирғиз-арабистон ҳамкорлик қўмитаси доирасида исломий молиялар борасидаги биргаликда ишлаш масалалари, жумладан, Қирғизистон ҳудида Ислом банки ваколатхонасининг очилиши билан боғлиқ режалар муҳокама қилинмоқда. Шу билан бир қаторда ҳозирда Ислом тараққиёт банки шуъбалари билан Қирғизистонга кичик ва ўрта бизнесни исломий молия тизими асосисда молиялаштиришга қаратилган инвестицияларни олиб кириш бўйича ҳам музокаралар амалга оширилмоқда”, — деб хабар беради Миллий банкнинг назорат ва лицензиялаштириш усуллари бошқармасининг бошлиғи Жилдиз Сулайманбекова.
Миллий банк ходимасининг хабарига кўра, Қирғизистон давлати Араб мувофиқлаштирув гурҳуи, Ислом тараққиёт банки, Хусусий секторни ривожлантириш исломий корпорацияси а кўпгина ҳукуматлараро келишувлар доирасида исломий молиялаштириш масалаларида Форс кўрфази мамлакатлари билан доимий алоқаларни олиб бормоқда.
Исломий банкигш — бу Ислом дини аҳкомларига мос равишда банк ишларини амалга оширишдир. Аввало бу тартиб берилажак кредитлардан олинадиган банк фоизларидан воз кечишни назарда тутади. Шу билан бирга, исломий банкинг ҳавои нафс майлларини қондиришга қаратилган иқтисод соҳасидан, мисол учун ароқ ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва истеъмол қилиш каби соҳалардан келиб чиққан маблағларни ишлатишдан воз кечишдир.