Черков мусулмонларга ажойиб таклиф киритди
Австралиянинг Перт шаҳридаги англикан черкови, шу ерлик мусулмонлар жамоасининг асосий муаммосига – масжид йўқлиги учун дуч келган жойда намоз ўқиб юришларига бефарқ қола олмади. Насроний руҳонийлар ҳамшаҳар мусулмонларга ажойиб таклиф беришди.
IslamNews нашри ABC маълумотлари асосида шундай ёзади: «Авлиё Пол черковининг роҳиби Питер Хамфриснинг айтишича, имом Файсал Чотхия билан танишгач, жума намозлари учун черков биносини таклиф қилишни ўзининг бурчи деб билди. «Мен имом ҳазратларига «Мана, шу ерда намоз ўқинглар. Ахир бу ер айнан шунинг учун – ибодат қилиш учун қурилган» дедим», дейди Хамфрис».
Шундан буён Перт шаҳрининг жанубида яшовчи мусулмонлар жума куни авлиё Пол черковига келиб, жума намозини адо қилишмоқда. Файсал Чотхия эса масжид қуриш учун (уни ҳам черков таклиф қилган) ер майдонини сотиб олиш учун маблағ тўпламоқда.
Роҳиб билан имом ўртасидаги дўстлик кундан-кунга мустаҳкамланиб бормоқда. «Питер менинг руҳимни кўтариб юборди. У ҳақиқий жентльмен, ҳаёт тажрибаси катта. Мен билган кўпчилик одамлардан кўра сермулоҳаза, теран фикр қилувчи инсон экан», дейди имом Файсал.
Манба: Islamnews



