Доғистон муфтияти акция ташкил қилди
Доғистон пойтахти Махачкалада Санкт-Петербургдаги теракт туфайли жабр кўрганлар учун қон йиғиш бўйича акция бўлиб ўтди.
Давлат муфтияти томонидан уюштирилган ушбу акцияда Доғистон гуманитар институти, Гуманитар-педагогик коллеж, Башларов номидаги Тиббиёт коллежи, Доғистон ислом университети диний ўқув муассасалари талабалари ҳамда «Ҳидоят» номли аёллар таълим маркази аъзолари иштирок этдилар. Тадбир «Мусулмонлар қон тўкмайдилар-улар бир бирларига қон берадилар», «Ислом - тинчлик ва барқарорлик дини», «Мусулмонлар ёрдам берадилар, террорчилар эса ўлдирадилар» шиорлари остида ўтказилди.
Донорлик акциясида Доғистон гуманитар институти ректори Мурод Шафиев, ислом олийгохлари ходимлари ҳамда 350 нафар талабалар иштирок этдилар.



