Кимдан ўрнак олмоқдамиз?
Француз ёзувчиси Александр Дюма 1844 йилда «Уч мушкетёр» номли бир роман ёзади. Романда подшоҳнинг уч ароқхўр қўриқчиси яна бир тўртинчи шериги билан бирга Франция қироличасининг топшириғини бажаришади.
Хуллас, французлар бу тўқима саргузаштларни дунёга тарқатиб, уч ароқхўр француз чавандоздан афсонавий қаҳрамонлар ясайдилар. Ҳолбуки, улар ўша қиссанинг ўзида ҳам мақташга арзигулик ҳеч иш қилмайдилар...
Энди эътиборингизни шу ҳодисадан 1200 йил олдин юз берган бошқа бир воқеага қаратсак. Буниси тўқима эмас, тарих зарварақларига битилган ҳақиқатдир. 3000 сонли Ислом қўшини билан уч асл чавандоз 200.000 қўшинли Рим империясига қарши жанг қилиш учун араб саҳросидан Шом диёрлари сари йўл олади. Мана шу оз сонли қўшин тарихда мисли кўрилмаган ғалабага эришади ва бу афсонавий зафар жанг майдонидаги шу уч асл чавандознинг ўз жонларини фидо қилишлари эвазига эришилган эди. Улар қандайдир бир подшоҳ йўлида эмас, Франция қироличаси учун эмас, мана шу диннинг сиз билан бизга етиб келиши йўлида жон фидо қилгандилар. Бу уч чавандоз Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳалардир. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларни рози қилсин. Хўш, биз уларни таниймизми? Улар ҳақида ҳеч ўқиганмизми, эшитганмизми?
Бу нидо ўзларининг сохта, тўқима қиссалaрини жар солиб, дунёга тарқатаётган французларга эмас, ўзларининг ҳақиқий, тарихий қаҳрамонларини унутаётган, йўқламаётган, ёдга олмаётган мусулмонларга қаратилган. Французлар ўзларининг тўқима уч чавандозини мактабларда таълим бериб, мультфильмлар ишлаётган бир пайтда мусулмон болалари ва ҳатто ўсмирлари ўзларининг шонли тарихларидан мутлақо бехабар қолмоқдалар.
Мана шу кўргулик туфайли мусулмон авлодлар аллақандай ўргимчак одам (спайдерман) ёки афсонавий шахс (суперман) бўлишни орзу қиладилар. Қодисия маъракаси қаҳрамонларидан бири Қаъқаъ ибн Амр Тамимий эса бировнинг хаёлига ҳам келмайди. Ўргимчак одам (спайдерман) ўзи кимлигини биласизларми? У Нью-Йoрк шаҳарларини ҳимоя қиладиган тўқима образдир.
Хўш, ҳозирги болаларимиз танийдиган, биладиган тарихий мусулмон шахслар кимлар? Синдбадми, Алоуддинми ёки Алибобоми? Бу шахслар аввало тўқима образлар, қолаверса, улар мусулмон ҳам эмас. Уларни ёзган одам «Минг бир кеча»нинг муаллифидир. Унинг-да мусулмонларга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Болаларимиз Алоуддиндан нимани ҳам ўрганарди? Унинг бор қиладиган иши сеҳрли чироқни сийпалаб, унинг ичидаги жинга истагини айтишдан ўзга нарса эмас. Халқи учун, миллати учун, ҳатто ўзи учун нима қилдики, болаларимиз ундан бирор ибрат олсалар?! Алибободан нимани ўрганадилар? Қирқ қароқчининг одамлардан ўғирлаб олган бойликларини ўмаришними? Ва шу билан қирқ биринчи қароқчига айланишними?
Тарихий ҳужум (яъни, тарихга қаратилган ҳужум) нафақат ҳозиримиз, балки ўтмишимизга — илдизимизга болта уришга уринмоқда. У тарих саҳнидаги вужудимизнинг устунларини йиқитиш мақсадида умматнинг ўз пешволарига бўлган ишончини заифлaштириш, унинг қалбига турли хил шак-шубҳалар солиш назарияси асосида иш олиб бормоқда. Бошқалар қаҳрамонларимизни жиноятчи, қотилларга, олимларимизни эса савдойиларга айлантирмоқчи ёки энг камида уларни тарих саҳифасидан ўчириб юбориб, ўрнига хаёлий, тўқима қаҳрамонларни олиб келмоқчи бўлмоқдалар.
Ёшларимиз орасида Рембони танимайдигани бўлмаса керак. Аслида у Вьетнам мағлубиятидан кейин руҳиятни тетиклаштириш мақсадида ўйлаб топилган уйдирмадан бошқа нарса эмас. Бу билан биз уларни айбламоқчи эмасмиз. Зеро, ўзини ўзи ҳурмат қиладиган ҳар қандай давлатнинг шундай йўл тутиши табиий.
Наҳотки мусулмон ёшларимиз қаердаги асли йўқ, тўқима Рембони қаҳрамон деб билсалар-у, Рембодан кўра неча баробар каттароқ қаҳрамонликлар кўрсатган ҳақиқий тарихий қаҳрамонларни танимасалар?! Масалан, улуғ саҳоба Муҳаммад ибн Маслама каби довюраклар кўрсатган қаҳрамонликлар ақлларни лол қолдириб келган.
Че Геварага қойил қоладиган, фантастик ва танк остида қолса ҳам, ўлмайдиган қаҳрамонлар ҳақидаги киноларга муккасидан кетган ёшларимизга бир саволимиз бор. Че Геваранинг ўзи эътироф этган бир ҳақиқатни биласизми? Исломий мағриб афсонаси ва амир Муҳаммад ибн Абдулкарим Хаттобий ҳақида ўқиганмисиз ё эшитганмисиз? Че Геваранинг шахсан ўзи партизанлар урушини мана шу исломий қўмондондан ўрганганини эътироф этган. Ўша пайтда саҳобаларнинг фидойи гуруҳлари форсларнинг Тастур шаҳрини ишғол қилишда ер остидан, анҳорлару шалолалар остидан шаҳарга кириб борган эдилар.
Шуни эсдан чиқармайликки, тарихимиздан бегоналашаётганимизнинг асосий сабабларидан бири ўтмишимизга қаратилган ҳужумдир. Улар буюк Ислом тарихини бўяб кўрсатишга уриняптилар. Масалан, Аҳмад ибн Фазлон каби ноёб паҳлавонлар хотираси йўқ қилиниб, ўрнига Алибобо каби тўқима, сохта паҳлавонлар жойлаштириляпти. Шу билан тарихимизда жиноятчи қўмондонлару савдойи олимлар қоляпти, холос. Қаҳрамонларимиз эса сеҳрли чироқлару учар гиламларсиз ҳеч иш қила олмайдиган нотавонлар бўлиб қоляпти. Мусулмонмисан, тамом, қаҳрамон бўлишинг учун ё саҳрога чиқиб кетишинг, ё қоп-қоронғу ғорга кириб кетишинг лозим.
Ғанимлар қалбингизга шу ҳис-туйғуни экканларидан кейин ўзингиз сезмаган ҳолингизда намуна-ўрнак бўлиш неъматидан мосуво бўла бошлайсиз. Шу билан ёшларимизда руҳий синиш, жароҳатланиш пайдо бўлиб, алал-оқибат, анави ғанимларга тобе бўлишдан ўзга чора қолмагандек туюла бошлайди. Ана шу пайтда сиз билан биз осонгина ачиган мевадек чиқиндига чиқамиз-қоламиз...



