Набавий мўъжиза: оқим (сел)нинг кўпиги...

Набавий мўъжиза: оқим (сел)нинг кўпиги...

Бугун исломий воқеълик мулоҳаза қилиб кўрилса, олдинги вақтларда бўлмаган шаклда Исломга ёвуз ҳужумлар уюштирилди, натижада  мусулмонлар заифлашиб, бўлиниб кетдилар. Ҳозирги бу ҳолатда биз сизларни набавий мўъжизага амал қилишга чақирамиз.

Тарих бутун башариятнинг саййиди бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан раҳмлироқ инсонни кўрмаган. У зот бизни зулматдан нурга чиқардилар. Набий алайҳиссалом бизни қиёмат кундаги азобдан қутилишимиз ҳамда дунё ва охиратда бахтлилардан бўлишимиз учун бор куч-ғайратларини сарфладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз яшаётган бугунги кунни ҳам унутмаганликлари у зотнинг бизга қанчалар раҳмли эканликларидандир. Ушбу ҳадис уларнинг ростгўйликларини тасдиқлайди.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳабибларига Аллоҳ табарок ва таолога қайтиш зарур эканини танбеҳ берадилар. У зот айтадилар:

– Худди лаганда турган таомга ташланганлари каби сизларнинг устингизга ҳам ҳар томондан ташланадилар.

– У кунда бизнинг камлигимизданми? – дедик.

Йўқ, у кунда сизлар кўп бўласизлар. Ва лекин худди оқим (сел)нинг кўпиги каби бўласизлар. Аллоҳ қалбларингиздан маҳобатни суғуриб олиб, ваҳнни (мадорсизлик, кучсизликни) солиб қўяди.

Бир киши:

– Ё Расулуллоҳ, ваҳн нима? – деди.

– Дунёни яхши кўриш ва ўлимни ёмон кўриш, – дедилар».

Манашу ҳадис бизнинг бугунги воқеълигимиздир. Бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дақиқ тасаввурларини кўрамиз.

Асри саодатда заиф, кучсиз мусулмонларга қилинган ҳужумлардан кейин улар уммат ҳимоячисига айландилар. Ҳозирги кунда ҳам Ислом уммати оғир қийинчиликларни бошидан ўтказиб, заифлашганида динимизга ҳужумлар бошланди. Мусулмонларнинг худди оқимнинг кўпигига айланганликларини сезиб, бутун дунё ушбу умматни менсимасдан оммавий курашни бошлашди. Дунё мусулмонлари сони 1миллиард 700 миллионга етган бир пайтда қолган халқлар орасида ажралиб турадиган катта мулкдор бойлар ва иқтисоди юксалаётган жойларга хилоф равишда мусулмонларда кўрсатиладиган бирор қадр-қиймат йўқдир. Қиладиган иши йўқ бўлган Ислом умматининг иши бир бири билан урушиш бўлиб қолди. Исломга қарши тараф ўз услуби ва имкони даражасида кураш олиб бормоқда. Буларнинг энг аҳамиятлиси Ғарб саҳифаларидаги фазовий ахборот урушидир. Ғарб ахборот воситалари мусулмонлар ҳуқуқларини топтаб, иғво қиладиган ахборот урушини кеча-ю кундуз давом эттирмоқдалар. Уруш пайтида юртнинг бойликлари талон-тарож қилингач, жамиятда иқтисодиёт заифлашиши ўз ўзидан маълум. Аммо бундан ҳам хавфлиси «фикрлар уруши» ёки эл-юрт фикрини бузишликдир. Мусулмон олим ўз юртида илм беришга имкон топа олмайди ва хорижга кетишга мажбур қилинади, натижада уммат ривожланиш ва тараққиёт асосларини қўлдан бой беради.

Душманлар диндаги мазҳаб ва тоифалар юз йиллаб тинчликда яшаб келишларини билгани ҳолда мусулмонларнинг мазҳаб-тоифаларига қараб «фитна уруши»ни ҳам қиладилар. Бир тараф бошқа бир тараф билан жанг қилиб, бир-бирларини йўқ қилишларига сабаб нима?

«Хотира уруши» – бу уруш тури махфий бўлади, гоҳида буни сезишмайди ҳам, урушлар сабабли юртини ташлаб кетганлар бундан мустасно. Исломий тараққиётни ва Ислом тарихини йўқотиш билан бу урушда ғалабага эришадилар. Буларнинг ўрнига эса экстремистик ғояларни қўядилар. Натижада мусулмонлар орасида урушлар бошланади. Хоссатан, Ғарбда яшайдиган ҳар бир мусулмон нишонга айланганини ва бу уруш унинг шахсиятига қаратилганини ҳис этади. Бугунги кунда Ислом душманлари бизни солиб қўйган бу ҳолатни тушунарли иборалар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқача баён қилиб бердилар: «Ликопчадаги таомга ташлангани каби сизларнинг устингизга ҳам ҳар томондан ташланадилар». Бу ибора Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ томонидан юборилган элчи эканликларига гувоҳлик бермайдими?! Чунки Аллоҳ таоло ҳозирги бу воқеаларнинг хабарини 1400 йил олдин берган.

Нефт тепасида турган араб бойларининг ўғирликлари Ислом уммати бўлиниб кетишини янаям кучайтиради. Улар гўёки имкон бўлиши билан ўлжасини тилка-пора қилиш учун тўпланадиган бўриларга ўхшайдилар. Уруш ва ўғирликлардан мусулмонлар манфаат кўрмайдилар. Бунда дунёни яхши кўришлик, емак-ичмак ва беҳуда нарсаларга сарф қилинадиган бойликни таъма қилишлик бордир. Мусулмонлар сон жиҳатидан кўп бўлишига қарамасдан уларнинг қадри йўқ. Сел ўзи билан нималар олиб келади, хас-чўпларми ёки бошқа нарса, улардан ҳеч қандай манфаат етмайди. Шу сабаб Набий алайҳиссалом: «У кунда сизлар кўп бўласизлар ва лекин селнинг кўпиги каби кўпи бўласиз», дедилар. Бу набавий мўъжизадир. Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бугунги кундаги мусулмонлар сони жуда кўп бўлиши хабарини берди?! У зот мусулмонлар сони жуда кўп (1700 милён) эканини қандай билдилар?! Бу мусулмонлар айтарли илмий салоҳиятга эга эмаслар, барча уларни тажовуз қилиб енгади.

Энг ёмони уларнинг ишини бирор киши фаҳмламайди. Яъни уммат ортида етарли фаҳм-фаросат бирор кишида йўқ. Ва уларда ҳайбат ҳам қолмаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлари каби: «Аллоҳ душманингиз қалбидан маҳобатни суғуриб олади». Бугунги кун ҳодисаларини кузатиб, тарқатилаётган ахборотларда кўриб турган нарсаларимиз бунга жуда яқиндир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар сони кўп бўлишига қарамасдан мусулмон давлатлар орасида ҳам ҳайбат бўлмаслигини қандай билдилар?! Мазкур ибора у зотга бунинг хабарини Аллоҳ Ўзи билдирганини тасдиқламайдими?!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам воқеъликни шарҳлаб, бугунги кундаги мусулмонлар устига халқлар ташланаётганини ва умматнинг заифлашиши нозик сабабларини илмий таҳлил қилиб бердилар. Бунинг боиси – «ҳаётни яхши кўриш ва ўлимни ёмон кўришдир». Мусулмонлар амаллари билан дунё талабида жуда харис бўлиб, ўлимни эслашдан узоқлашиб кетдилар. Ўлим вақтига ва Аллоҳга йўлиқишга тайёргарлик кўрмадилар.

Булар бугунги кунда кўп мусулмонлар ўз нафси учун яшаётганларидан ажабланиб, қилган тасаввурларимдир. Шу кунларда уларнинг муҳаббатлари лаззатларга, беҳуда нарсаларга, мусиқага, ўйинларга, фильм ва сериалларга, денгиз соҳилларидаги кўнгилочар жойларга, сигарет чекишга ва аёлларга назар солиш бўлиб қолган. Улар ҳатто ўлимни эслатадиган одамни учратиб қолсалар, унинг ақлига ва соғлигига шубҳа билан қарайдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу илмни ва бу нозик таҳлилни қаердан олиб келдилар?! Бунинг хабарини берган Аллоҳ эмасми?

Хулоса қилсак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни мағлубиятимизга таслим бўлиб, умидимиз пучга чиқиб, ғалабадан ноумид бўлишимиз учун айтиб кетмадилар. У зот воқеъликда бўлган бу заифликка қарши динимизга ва илм-маърифатга қайтишимиз кераклигини, ўлимни ҳамда Аллоҳга йўлиқишни унутмасдан, дунё ва унинг зийнатларига алданмасдан Аллоҳга бандалик қилишимиз зарурлигини таҳлил қилиб бердилар. Булар мусулмонларга Аллоҳнинг изни билан бўладиган бахт, нажот ва куч-қудрат йўлидир.

 

Абудаим Каҳийл қаламига мансуб,

ҲУМАЙРО тайёрлади.

back to top