Ирқчилик ва Исломофобияни бартараф этиш
Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга дуруду салавотлар бўлсин.
Биз ХХI асрга қадам қўяр эканмиз, дунёда зиддиятлар ва инқирозлар кундан-кунга кўпайиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Ўтмишда мусулмонлар зулматли ҳаётларига зиё олиб кириш учун доимо раҳбарларининг тартиб-интизоми ва сўнгги Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига қатъий амал қилиб келишган.
Қодир Аллоҳ Ўзининг Буюк Каломидаги Талоқ сурасининг 2–3-оятларида шундай марҳамат қилади:
«Ва муддатларига етсалар, яхшилик билан ушланглар ёки яхшилик билан ажралинглар ва ўзингиздан икки адолатли кишини гувоҳ қилинглар. Ва гувоҳликни Аллоҳ учун қилинглар. Бу ишингиздан кимнинг Аллоҳга ва қиёмат кунига иймони бўлса, ваъзланур. Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Ҳақиқатан, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир».
Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисда келтирилишича, «Қачонки Муҳаммад соллаллоҳу аайҳи васаллам жума намозида амри маъруф қилсалар, кўзлари қизарарди, овозлари кўтариларди, худди ҳужум қилишга шай аскарлар тургандек гапирардилар. Жума намозлари ҳақиқий мўминларнинг юзини очиб берадиган ва уларнинг хулқ-атворларига муносиб бўлган». Бу муддат акс таъсир ва олдиндаги қийинчиликларга муносиб қарши олиш учун тайёргарлик бўлган.
Охирги бир неча кунларда Дональд Трампнинг АҚШ президенти этиб сайланганидан сўнг юзлаб ирқчиликни тарғиб қилувчи ҳамда Исломга қарши ҳужумлар (терактлар) мамлакат бўйлаб авж олди. Кўплаб аёлларнинг ҳижоблари мажбурлаб ечтирилди, минглаб муслима аёллар муслима сифатида жамоат жойларига чиқишга қўрқиб қолдилар.
Пенсилвания штати, Жанубий Леҳай олий мактабларида оқ танли талабалар қора танли тенгдошларини «пахта терувчилар» деб аташди. Мичиган штати, Рояль Оак шаҳридаги ўрта мактабда «Девор қуринг!» (оқ танли ва қора танлиларни ажратиш учун) деб такрор ва такрор айтилган видеолар намойиш қилинди. Нью-Йоркнинг Буффало шаҳридаги коллеж биносида бўйнидан бинога осиб қўйилган қора қўғирчоқ топилди. Яна шу штатнинг Уэлсвил шаҳридаги бейсбол майдони четида жойлашган расмийлар ва ўйинчилар ўтирадиган ўриндиқларга свастика (нацизм) белгиси чизиб кетилган. Нью-Йоркдаги Қуинзда автобусга чиққан оқ танли талабалар қора танлиларга қарата: «Автобуснинг орқа ўриндиғига ўтинглар, Трамп президент бўлди!» деб айтишган.
Бу яққол ирқчилик ва Исломофобия Жим Кроунинг АҚШдаги ҳукмронлик даврини ёки ЖАР даги апартаид (оқ танлилар тўлиқ ҳуқуқларга эга ва қора танлилар бутунлай камситилган ижтимоий-сиёсий тизим)ни эслатади. ЖАР ХХ асрнинг энг кучли армияларидан бирига эга эди ҳамда адоват ва жоҳилликни ўзида жо қилганди. Аммо шунга қарамасдан ирқчилик мағлуб этилди ва мазлумлар, яъни қора танли, буғдойранг, христиан, мусулмон, Африка анъанавий дини вакиллари, ҳатто айрим виждонли оқ танли инсонлар томонидан тенглик тизими жорий этилди.
Ҳа! Мусулмонлар ирқчиликка қарши инқилобий курашда иштирок этишди. 1652 йил голландлар Кейптаунни ўз колониясига айлантирган ҳамда қулчиликни олиб кирган пайтда кўп сонли мусулмон қуллар ва сиёсий маҳбуслар Индонезия, Жануби-шарқий Осиё, Шарқий Африкадаги Голланд колонияларидан кўчириб келтирилди.
Индонезия Макассар шайхи Юсуф Ислом илми ва Қуръонга асосланган ҳаракатга асос солди. Улар қулчиликни инкор этишди. Малай-қуллар тунда занжирларда бўлгани ҳолда уйғониб, таҳажжуд намозларини адо этаётгани ҳақидаги турли хабарлар тарқатилди. Улар бу қаршиликни авлоддан-авлодга давом эттиришди ва ҳозирда бунинг натижаси ўлароқ, Кейптаунда 150 дан ортиқ масжид бор.
Жанубий африкалик малайлар мунтазам ўқийдиган ва кўп такрорлайдиган сура Юсуф сурасининг 62–64-оятлари эди:
«Ўз йигитларига: «Уларнинг сармояларини юклари ичига солиб қўйинглар. Шояд, улар аҳлларига борганларида буларни таниб, қайтиб келсалар», деди. Оталари ҳузурига қайтиб борганларида: «Эй отамиз, бизга ўлчаб бериш ман этилди. Биз билан инимизни юбор, ўлчаб оламиз ва, албатта, биз уни муҳофаза қилувчилармиз», дедилар. «Уни сизларга худди акасини ишонганимдек ишониб топширайми? Аллоҳнинг Ўзи энг яхши муҳофазачи ва Унинг Ўзи раҳмлиларнинг энг раҳмлисидир», деди».
Шунинг учун авлиёлар ва Аллоҳнинг дўстлари деб олийнасаб, мукаммал ёки ёпиқ гуруҳларга аъзолар эмас, балки Аллоҳга чин ихлос билан ишонган ва Унга тақво билан ўзларини зийнатлаб олганлар айтиладилар! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Мазлумнинг дуосидан огоҳ бўлинг, зеро унинг дуоси ва Аллоҳ ўртасида тўсиқ йўқдир».
Исломофобия ҳозир яққол бошимиз узра таҳдид солмоқда ва пайғамбарларнинг ҳаёт йўлидек, мусулмонлар кулфат даврида кучли, сабрли бўлмоғи лозим. Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қиладилар: «Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқдир ва Аллоҳга маҳбуброқдир. Аммо иккаласида ҳам яхшилик бор. Ўзларингга фойдаси бор нарсалар учун қаттиқ курашинглар. Нажотни фақат Аллоҳдан сўранг ва кучсиз бўлманг. Кулфат сизни ўраб олса, «Агар шу ишларни қилганимда эди...» деманг. Балки бу Аллоҳнинг хоҳиши ва иродасидир, У нимаики истаса, уни амалга оширар. Шубҳасиз, «агар» сўзи шайтонга йўл очади».
Суннат амаллар барча ишларимизда жидду жаҳд билан ҳаракат қилишимиз кераклигини кўрсатади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом яна шундай марҳамат қиладилар: «Курашда енгган кучли эмас, балки жаҳли чиққанда ўзини боса олган кучлидир».
Шунинг учун куч жисмоний бўлиш билан бирга ақлий ва руҳий ҳамдир. У ўзида яхши соғлик ва ажойиб характерни акс эттиради. Мусулмонлар, шунингдек, фойдали машғулотларга эътибор қилишлари ва вақтни исроф этмасликлари керак. Биз энг улкан ёрдамни Аллоҳдан сўрашимиз, дангаса ва ўзгаларга қарам бўлмаслигимиз зарур.
Энг муҳими ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси билан эканини тан олмоғимиз ва ўтган ҳодисалар бизни тушкунликка солиб боришига йўл қўймаслигимиз даркор.
Исломофобияни енгиш учун баъзи амалий ишлар:
*Аллоҳга тақволи бўл ва Унга ҳам сўзингда, ҳам амалингда яқинлик иста.
*Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан нималар бўлганини эсла ва у зот қандай сабрда бардавом бўлганларини унутма.
*Ёдингда тут! Мусулмонлар ёлғиз эмаслар! Африкаликлар ҳамон ирқчилик зулмини бошларидан кечирмоқдалар. Лотин Америкасидан АҚШга келганлар депортациядан озор чекишмоқда ва уларга шу орқали таҳдид солинаётир.
*Канада АҚШдагидек эмас. Бу ерда очиқ кўнгилли, пок ниятли инсонлар кўп. Бироқ шу жойда ҳам Исломофобиянинг таъсири мавжуд, шунинг учун мусулмонлар ҳушёр бўлмоқлари лозим.
*Исломофобия атамасини кенгроқ ёй, уни ўрган ва бошқаларга, асосан болаларга ўргат. Бу сўзнинг ирқчилик, антисемитизм ва камситишларнинг бошқа турлари билан ўхшашлигини кўрсатишга ҳаракат қил.
*Барча турдаги Ислом ва мусулмонларга қарши қаратилган адоватли нутқларни Исломофобиянинг бир кўриниши сифатида тасвирлаб бер.
*Бу муаммоли мавзуни ишда, ўқишда, қўшнилар, дўстлар даврасида ва ҳатто турли дин вакиллари бор жойда муҳокама қил.
*Ҳар бир ҳодиса ҳақида, хоҳ у автобусда, кўчада, почта орқали, йўлда ёки Ислом марказларида бўлсин, бошқаларга хабар бер. Ҳодисаларни қўл телефонларига ёзиб ол, полиция ва ўша ердаги маҳаллий масжидга ёки Торонто Ислом институти (бирлашмаси)га қўнғироқ қил. Исломофобия бир бирлашма, ташкилотга айланмасидан олдин тўхтатилиши лозим.
*Душманлар ва Исломни ёмон кўрувчиларни тўғри йўлга бошлашини сўраб дуо қил. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз душманлари ҳаққига дуо қилганларидек, биз ҳам қалбларимизни қасос ва нафратдан пок тутиб, ҳаракатдан тўхтамаслигимиз ҳамда мазлумлар билан ҳамроҳ, ҳамдард бўлмоғимиз даркор.
Аллоҳ бизга сабр берсин, собитқадам қилсин ва ёмонликлар устидан зафар ёғдирсин. У Зот Ироқ, Сурия, Бирма, Фаластин, Марказий Африка Республикаси, Кашмирда ва дунёда барча азоб чекаётган инсонларнинг мушкулларини осон қилсин.
Шайх Абдуллоҳ Ҳаким
Канададаги жума мавъизаларидан парчалар



