Қозон шаҳрида умумрус илмий-амалий анжуманси бўлиб ўтади.

Қозон шаҳрида умумрус илмий-амалий анжуманси бўлиб ўтади.

Татаристоннинг Қозон шахрида “Марказлашган мусулмон диний ташкилотларининг озодликдан маҳрум қилиш жойларидаги маҳкумларни жамиятга қайтаришдаги ўрни” мавзусида умумрус илмий-амалий анжуманси ўз ишини бошлади.

Анжуман 2017 йилнинг 30-31 май кунлари “Ногай” мехмонхонасида бўлиб ўтади. Мусулмонлар диний идоралари вакиллари, Россия Федерациясининг жазони ижро этиш Федерал хизмати ходимлари, Россиянинг илмий ва педагогик қатлами, шунингдек, чет эллик мутахассислар қатнашаётган тадбирдан кўзланган мақсад марказлашган мусулмон диний ташкилотларининг, содир этган жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумларни жамиятга қайтаришдаги самарадорлигини ошириш ва улар фаолиятларини мукаммаллаштириш усулларини излаб топиш ва тахлил қилишдан иборат.
Қайта ижтимоийлашув - бу жазони ўташ вақтида йўқотилган ёки заифлашган ижтимоий алоқаларни қайта тиклаш, маҳкумлар томонидан ислом динининг ўрталик, васатийлик тамойилларига асосланган ҳолда ўзини тутиш ва қадриятлар меъёрларини ўзлаштиришлари, уларга озодликка чиқишга тайёргарлик вақтида ҳамда жиноятлари учун белгиланган муддатларини ўтаб бўлганларидан кейин текширилган ва асл манбаларга таянган ҳолда Ислом дини хақида соф ва ишончли билим олишларида кўмаклашишга йўналтирилган давлат-хуқуқий, ташкилий-амалий чоралар уйғунлиги ҳисобланади. Шундай илм манбаларидан бири дунёга машҳур забардаст ислом олими ва дин арбоби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китоби ҳисобланади..
Россия Федерацияси Ислом маданияти, фани ва таълими Фонди раҳбар ўринбосари Али (Вясчеслав) Полосин ушбу тадбирда сўзга чиқар экан, шуни алоҳида таъкидлаб ўтдики, озодликдан маҳрум этиш жойларидаги махбусларнинг қайта ижтимоийлашуви борасидаги ишларнинг самарадорлигини оширишда энг мақбул қўлланма сифатида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг силсилавий китобларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Бунинг исботи сифатида анжуманда Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг танланган ҳадисларига замонавий шарҳлар берилган “Ҳадис ва Ҳаёт” китоблар силсиласининг биринчи жузи - “Кириш” (Ҳадисшуносликка кириш) китоби тақдим этилди. Китобда ҳадислар ва муҳаддислар хақида, шунингдек ҳадисларни қандай ўрганишлик ва тушунишлик кераклиги хақида тўлалигича ва ишонарли тарзда маълумотлар тадқим этилган.
Баъзи мутахассисларнинг фикрича, бундай ҳамма томонлама пухта ишланган ҳамда ҳадисларга замонавий илмий тарзда шарҳ берилган асар охирги уч юз йил ичида таълиф қилинмаган.
Эслатиб ўтамизки, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг асарлари Ислом динининг асосларини шарҳлашга, анъанавий соф Ислом динини ақоид илми жиҳатидан ҳам, амалий ҳуқуқий асос жиҳтидан ҳам ўрганишга қўлланма бўлиб хизмат қилади. Шунинг билан бир қаторда, Хазратнинг “Очиқ хат”, “Дин - насиҳатдир” китоблари, озодликдан маҳрум этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларнинг асоссиз псевдоисломий фикрлари ва қарашларига қарши раддия билдириш учун асос бўлиб хизмат қилди.
Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керакки, 2017 йилнинг май ойидан бошлаб Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг ўзбек ва рус тилларидаги китоблари Макка ва Мадинадаги икки муқаддас масжидлар кутубхоналари токчаларига қўйиладиган бўлди, натижада ҳаж ва умра зиёрати учун Саудия Арабистонига ташриф буюрувчи бутун дунё мусулмонлари, жумладан бизнинг ватандошларимиз, шунингдек, Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи мусулмонлар Макка ва Мадина шаҳарларининг Харамайн Шарафайндаги Шайҳнинг асарларини мутолаа қилишлари мумкин бўлди.

back to top