Мусулмонлар яҳудийларга кўмаклашмоқда

Яҳудийларнинг муқаддас жойларига уюштирилган бир неча ҳужум ва таҳдидлар туфайли америкалик мусулмонлар АҚШ бўйлаб мусулмонлар ва яҳудийлар ўртасидаги бирлик ва ҳамжиҳатликни намоён қилиш учун ўз ҳимояларини таклиф қилдилар.
Диний Бирлашманинг январ ва феврал ойларидаги берган хабарларига кўра, Миссури ва бошқа бир неча штатларда яҳудий қабрлари вайрон этилган, мамлакат бўйлаб уларнинг муқаддас маконларига энг камида юз марта портлатиш содир этилган.
Ортиб бораётган антисемитизм (яҳудийларга нисбатан нафрат) муҳитидан ташвишга тушган АҚШнинг собиқ денгиз аскари Тоййиб Рашид твиттерда: “Агар синагогингиз (яҳудийлар ибодатхонаси) ёки қабристонингиз ҳимояга муҳтож бўлса, мен тайёрман. Ислом дини тинчлик ва ўзаро ёрдам тарафдори”, деди.
Шунингдек, у яна ўз қарашини қўллаб-қувватловчи бир неча шарҳлар берган: “Аллоҳ таоло бизга раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўрсаккина тинчлик ва осойишталикка эришишимиз мумкинлиги ҳақида марҳамат қилган. Агар тинчлик ва адолат ўрнатмоқчи бўлсак, биз дунёга зулм кўрганлар нигоҳи билан назар солишимиз керак. Мен, мусулмон денгиз аскари сизлар билан биргаман”.
Шунингдек, у яҳудийлар жамияти аъзолари билан бир пиёла чой устида суҳбат қуришни ва уларнинг ташвишларига қулоқ тутишни таклиф қилди.
Жаноб Рашиднинг ташаббуси оммалашиб, уни қўлловчилар таклифлар билан чиқишди. Икки нафар мусулмон ветеранлар (уруш қатнашчилари) Нейт Терани ва Холид Волид якдиллик билан бирдамлик тарафдорлари эканини билдиришди. “Мен жаноб Рашид тарафдориман.− дейди Нейт Терани. − Аризоналик мусулмон ветераниман ва яҳудийларнинг синагогаси ёки қабристонини исталган пайт ҳимоя қилишга тайёрман”.
Холид Волид ҳам ҳамроҳининг сўзларини маъқуллаб: “Хюстонлик яҳудийлар, мен давлатимизни ўн йил давомида ҳимоя қилдим. Керак бўлса, яҳудийларнинг ибодатгоҳларини ҳимоя қилишга тайёрман”, деди.
Яҳудийлар Ижтимоий Маркази Ассоциацияси Техасдаги Водий Ранчоси Ислом Марказидан юборилган қўллов хатини ҳам маълум қилган.
Америка мусулмонлари вайрон қилинган яҳудийлар қабристонларини тозалаш ишларини аллақачон бошлаб юборганлар.
Нью-Йорк штати, Рочестер шаҳридаги яҳудийлар қабристонига ҳужум қилинганини эшитган бир неча мусулмонлар дарҳол ёрдамга шошдилар.
Линда Сарсур ва Ториқ ал-Мессиди ташкил қилган ёрдам фонди маблағи қисқа муддатда 150000 долларга етди. Хайриялар ҳали ҳам давом этмоқда.
Флоридада мусулмон талабалар яҳудий тенгдошларига гуллар юбориб, улар билан бирга эканликларини намоён қилди.
Баъзи танқидчиларнинг фикрича, антисемитизмнинг ортиб боришига АҚШ Президенти Доналд Трампнинг сиёсати сабаб бўлиши мумкин.
Инглиз тилидан Абдулатиф Иргашев таржимаси