Маккейин дўсти – Мянма етакчисига роҳинжалар геноциди масаласи бўйича мурожаат қилди

Маккейин дўсти – Мянма етакчисига роҳинжалар геноциди масаласи бўйича мурожаат қилди

Машҳур америкалик республикачи-сенатор Жон Маккейин Мянманинг фуқаролик бошқаруви раҳбари Аун Сан Су Жига роҳинжалар масаласи юзасидан очиқ хат билан мурожаат қилди.

Таъкидлаш жоизки, Маккейин Мянманинг ҳозирги раҳбарига эски дўст сифатида хат ёзган. Аун Сан Су Жиинг ўзи кўп йиллар давомида собиқ Мянманинг ҳарбий тузумига қарши тургани сабабли қувғинда бўлган, ўшанда Ғарбда кўпчилик уни қўллаб-қувватлаб, мадад бериб туришганди. Улар қаторида Маккейин ҳам бор эди, у ҳамон дунёдаги турли мамлакатларнинг диктаторлик тузумларига қаршилик кўрсатаётганларнинг дўсти бўлиб қолмоқда.

Маккейин дўстига мактубида Мянма ҳарбийлари жанг ҳаракатлари чоғи бутун бошли қишлоқларни йўқ қилиб, 123 000 аҳолини қувиб, мусулмон роҳинжаларга қарши ҳақиқий жисмоний геноцид олиб бораётгани фактини қайд этган.

У Мянма ҳукуматининг БМТ инсон ҳуқуқлари комиссиясини жанглар ўтаётган ҳудудларга киритмаганини танқид қилган ва Аун Сан Су Жини бу хатони тўғрилаб, инсон ҳуқуқлари оммавий бузилишининг олдини олиш учун халқаро кузатувчилар билан фаол ҳамкорлик қилишга чақиради.

Маккейин собиқ диссидент аёлни инсофга чақиришга уринади, унинг ўзи кўп йиллар давомида Мянмада ислоҳотлар рўй бериши, тинчлик ўрнатилиши, озодликка эришиш ҳамда адолат ғалаба қозонишининг ягона умид манбаи ва тимсоли бўлганини эслатади. Шу сабабли у Мянма раҳбаридан роҳинжа мусулмонларига қарши олиб борилаётган зўравонликларга ва ҳудуддаги гуманитар инқирозга чек қўйишни сўрайди.

Мактуб сўнгида америкалик сенатор роҳинжалар Мянмада анчадан бери яшашаётгани ва бошқа аҳоли каби тенг ҳуқуқларга эга бўлиши кераклиги, бу мамлакатнинг диктатура режимидан демократияга ўтиши учун ҳамма халқлар тенг ҳуқуқли бўлиши кераклигини таъкидлади.

back to top