Мянма армияси мусулмонлар кетаётган қайиқни ўққа тутди

Мянма армияси мусулмонлар кетаётган қайиқни ўққа тутди

Мянма армияси бўлинмаси Аракан вилоятидан Наф дарёси орқали Бангладешга қочиб ўтаётган мусулмонлар қайиғини ўққа тутди. Оқибатда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди, улар орасида болалар ҳам бор, деб хабар беради «Анадолу».

ОАВда Наф дарёси бўйига сув оқизиб чиққан жасадлар суратлари пайдо бўлди. Уларнинг кўпчилиги ўққа тутилган қайиқ ағдарилгач, чўкиб кетган одамлар эди.

Бу мусулмон роҳинжалар кетаётган қайиқнинг Мянма армияси томонидан ўққа тутилиши ҳамда кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келган биринчи фожиали ҳодиса эмас.

Мянма шимолидаги Аракан штатида яшовчи мусулмонларга «қуролли жангарилар билан кураш» баҳонасида ҳужум қилиниши 25 августдан бери кучайди. Ҳудуддаги гуманитар аҳвол бирдан ёмонлашди. Бангладешга қочган Аракан мусулмонлари сони 120 мингдан ортиб кетди.

Мусулмон роҳинжаларнинг Европа кенгаши (ERC) матбуот котиби Анита Шугнинг маълум қилишича, Аракан штатида 3 кеча-кундузда ҳарбийлар ва буддист миллатчиларнинг ҳужуми натижасида икки-уч минг атрофида мусулмон ҳалок бўлган.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Мянмада мусулмонларнинг оммавий қирғин қилинаётгани масаласини БМТ Бош ассамблеяси мажлисида кўтаришини айтди.

back to top