Ислом мамлакатлари Мянмага сиёсий босим ўтказишлари мумкин

Халқаро мусулмон олимлари иттифоқи бошлиғи Юсуф Ал-Қардовий ислом ва араб мамлакатларини Мянманинг Аракан штатидаги мусулмонларга нисбатан зўравонликларга қаршилик кўрсатишда бирдамликка чақирди, деб хабар беради «Анадолу».
«Роҳинжа мусулмонларига босимни жим кузатиб туриш мумкин эмас. Ҳаммамиз Мянмадаги биродарларимиз учун масъулмиз. Ислом мамлакатлари истасалар Мянма ҳукуматига сиёсий ва иқтисодий босим ўтказа оладилар», – дейилади Ал-Қардовийнинг баёнотида.
Халқаро мусулмон олимлари иттифоқа раҳбари Анқаранинг Мянмадаги воқеаларга муносабатини юқори баҳолади. «Туркиянинг, хусусан, президент Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг фаол дипломатияси ва қадамларини юксак баҳолайман», – деди у.
Ал-Қардовий шунингдек, президент Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг рафиқаси бошчилигидаги Туркия делегациясининг Бангладешдаги Мянмалик қочоқлар лагерига ташрифини ҳам тилга олиб ўтди.
Шу билан бирга иттифоқ раҳбари ўзаро низолар ва бемаъни мавзуларга чалғиб мусулмонларнинг муаммоларини унутиб қўяётган араб мамлакатларининг позициясини қоралади.