“Роҳинжаларга ёрдам – мусулмонларнинг бурчи”

Мусулмон олимлари бош халқаро уюшмасининг таъкидлашича, бутун дунё мусулмонлари Мьянманинг Ракхайн штатидаги биродарларига ёрдам бериши шарт, шунингдек, ташкилот мусулмон мамлакатларини Мьянмани бойкот қилишга чақирди, деб хабар беради About Islam.
“Аракандаги (Ракхайн штатининг аввалги номи) ҳолат – бу бутун дунё, унинг ҳамма ҳукуматлари, институтлари, сиёсатчилари, зиёлилари ва олимлари учун шармандаликдир”, – дейилади Мусулмон олимлари халқаро иттифоқи (IUMS) бош котиби шайх Али ал-Қорадоғийнинг Daily Sabah нашрида эълон қилинган баёнотида.
Мусулмон олимлари иттифоқи жаҳон етакчиларига мусулмон роҳинжаларни ҳимоя қилиш учун сиёсий қадамлар қўйиш талаби билан мурожаат қилди ва халқаро кўмак ташкилотлари тазйиққа учраган озчиликка инсонпарварлик ёрдами кўрсатиши кераклигини айтди.
Ўз ҳаётларини сақлаб қолиш учун роҳинжалар Бангладеш чегарасини ноқонуний кесиб ўтишгача боряптилар. Роҳинжаларнинг Мьянмадан оммавий чиқиб кетиши уларнинг қишлоқларида қирғинлар – қийноқлар, ўлдириш ва зўрлашлар – бошланганидан сўнг юзага келди.
Мьянмада роҳинжалар озчиликни ташкил этади ва расман мамлакатнинг фуқаролари саналмай, турли камситишларга дучор қилинади. БМТнинг қайд этишича, улар – “жаҳоннинг энг кўп тазйиқ кўраётган халқи”.