Остонада дунёнинг энг яхши олимлари тақдирландилар

Остонада дунёнинг энг яхши олимлари тақдирландилар

Остонада Фан ва технологиялар бўйича Ислом ҳамкорлиги ташкилоти саммитининг мукофотини олимларга топшириш маросими бўлиб ўтди.

Бу ҳақида Yenicag.Ru қозоқ ОАВларига таянган ҳолда маълумот бермоқда.

«Мен фан ва технологиялар тараққиётига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган Ислом олами олимларини Қозоғистоннинг махсус мукофоти билан тақдирлашни таклиф қилдим. Бу ташаббусни амалга ошириш учун ИҲТ бош котибияти билан ҳамкорликда Ислом дунёсининг энг яхши олимларини танлаб олдик ва уларни саммитга таклиф қилдик”, – деди Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев.

Умумий ҳисобда турли мамлакатлардан келган 5 нафар олим тақдирланди, улар кимё, техника тараққиёти, вирус иммунологияси, биотехнология каби йўналишлар бўйича фаолият олиб борадилар.

  • Қозоғистоннинг Биотехнологиялар бўйича миллий маркази бош директори Ерлан Раманкулов биотехнологиялар соҳасидаги изланишлари учун тақдирланди.
  • Истанбул техника университети профессори Юсуф Якчи кимё соҳасидаги меҳнати туфайли эътироф этилди.
  •  Қирол Абдулла номидаги технология университети профессори Муҳаммад Салим Алоуний электротехника соҳасидаги ишлари учун мукофотланди.
  • Вирус иммунологияси бўйича тадқиқотлари ва тиббиёт ходимларини тайёрлаш йўлидаги меҳнатлари учун Гамбия тиббиёт маркази бўлим бошлиғи Ассан Жайе тақдирланди.
  • Муҳаммад V номидаги университет профессори Райя Черкаоуи ал-Мурсли ядро физикаси соҳасидаги ишлари учун тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, Остонада ИҲТнинг фан ва технологиялар бўйича биринчи саммити иш бошлади. Унда ИҲТнинг 56 мамлакати, шунингдек, бошқа халқаро ва ҳудудий ташкилотлар иштирок этмоқда.

back to top