Назарбоев Ислом G-20 сини ташкил этиш таклифи билан чиқди

Нурсултан Назарбоев Ислом ҳамкорлик ташкилотининг етакчи 15 давлати иштирокида “Катта йигирматалик” шаклидаги форум ташкил этишни таклиф қилди, дея хабар беради Zakon.kz.
«Мен барчангизни Ислом молиялаштируви соҳасида ҳамкорликка чорлайман. Шу муносабат билан Ислом тараққиёти банкининг катта салоҳияти борлигини айтмоқчиман. “Яшил” технологияларни ривожлантириш ҳамда фан ва инновацияларни молиялаштириш зарур. Бу йўналишда ЭКСПО-2017 базасида уч ой ичида ташкил қилинадиган “яшил” технологиялар ва инвестициялар Марказининг имкониятлари бор”, – деди Президент ИҲТнинг Остонада бўлиб ўтган фан ва технологиялар бўйича Саммитидаги нутқида.
У G-20 модели бўйича форум, шунингдек, Ислом оламида фан ва иқтисодни ривожлантириш бўйича норасмий гуруҳ тузишни таклиф қилди.
“Ислом ҳамкорлик ташкилотининг 15 та етакчи давлатлари иштирокида ИҲТ-15 ташкилотини тузиш мумкин. Чунки фан ва технологияларнинг ривожи биз учун жуда муҳим. Бунинг учун ғарб давлатлари билан ҳам самарали ҳамкорликни ривожлантиришимиз керак. Бу бутун Ислом оламининг тараққий этишига имкон яратади”, – таъкидлади президент.
Қозоғистон раҳбари, шунингдек, Ислом оламининг Ғарб билан яқинлашуви учун ИҲТ мамлакатлари Ислом жамоатчилиги ва бошқа динлар вакиллари ўртасида алоқаларни ривожлантириши кераклигини таъкидлади.
“Менимча, ўзаро тушунмовчиликни юзага келтирадиган стереотиплардан воз кечиш керак, – деди Қозоғистон президенти. – Биз миллатлараро ва динлараро тотувликни асраш борасида Қоғоғистон тажрибаси билан ўртоқлашишимиз мумкин. Ўзингизга маълумки, мамлакатимизда жуда кўп этник гуруҳлар истиқомат қилади, биз тинч-тотув яшаб келмоқдамиз. 14 йилдирки биз дунёдаги кенг тарқалган ва анъанавий дин етакчилари съездларини ўтказакмиз. У ерда турли дин вакиллари учрашадилар. Ҳаммангизни 2018 йилда бўлиб ўтадиган олтинчи съездга таклиф этаман”.
У тинчлик ва барқарорлик бўлган жойдагина фан ва технологиялар ривожланишига йиғилганларнинг эътиборини қаратди. Қозоғистон ҳозирда БМТ хавфсизлик кенгашининг муваққат аъзоси сифатида бунга алоҳида эътибор қаратмоқда.
“Сиз Қозоғистоннинг тинчликпарвар сиёсатини яхши биласиз. Биз Семипалатинскдаги полигонни ёпдик, буни ҳам биласиз. Ядро арсеналидан воз кечдик ва бошқа мамлакатлар ҳам шундай қилишларини истар эдик. Биз Яқин Шарқда, умуман, ҳамма Ислом мамлакатларида тинчлик ва барқарорлик ҳукмрон бўлишини истаймиз. Ўтган йили Истанбулдаги саммитда Туркия президенти билан айнан шундай ташаббусни, яъни Ислом оламига тинчлик лойиҳасини бошладик. Ўйлайманки, бизни бошқа давлатлар қўллаб-қувватлашади”, – дея сўзларини хулосалади у.