Мусулмон «она Тереза»си барчани лол қолдиряпти ва руҳлантиряпти

Мусулмон «она Тереза»си барчани лол қолдиряпти ва руҳлантиряпти

Яқинда ижтимоий тармоқларда тудунг (Малайзияда ҳижобни шундай аташади) кийиб олган ва Монреалда уйсизларга егулик улашаётган аёлнинг видеоролиги тарқалди. Кўпчилик фойдаланувчилар қандай қилиб табассумни канда қилмайдиган бу  70 яшар малайзиялик аёл Канадага бориб қолганига қизиқишди.

Маълум бўлишича, Сабария Ҳусайн Канадага 30 йил аввал педагог сифатида келган ва Мишел Пол Алан (исломий номи Муҳаммад Али Абдулла) билан никоҳдан ўтгач бу ерда қолиб кетган.

Уйсизларга беминнат ғамхўрлиги ва бу йўлдаги хизматлари уни Монреал юлдузига айлантирди – кўпчилик уни мусульмон она Терезаси деб атай бошладилар.

Савоб ишлар қилиш одатини Сабарияга ёшлигидан, Канадага келмасидан анча аввал, ўргатишган. Оилада олти фарзанднинг бири сифатида у ҳар куни ота-онасининг хайрия ишларини кўриб улғайган.

Масалан, унинг ўқитувчи отаси ва уй бекаси бўлган онаси камбағал мусулмонларга тўй-ҳашамлар ва байрамларда доим озиқ-овқат улашган.

 «Мен ҳамиша онам билан бирга юрардим ва унга сабзавотлар ҳамда гўштни майдалашда ёрдам берардим», – ҳикоя қилади Сабария.

Асли Жохорлик бўлган Сабариянинг оиласи узоқ йиллар Сингапурда ишлаган, ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб отаси ўша ерда педагоглик қилган. У нафақага чиққач, оила Жохорга қайтади.

 «Ҳатто Сингапурда ҳам биз доим муҳтожларга ёрдам берардик. Бу бизнинг қонимизда бор, ўзгартиролмайсиз. Ислом ҳам бизни шунга ўргатади» – дейди у.

«Канадада яшай бошлаганимдан бери одамларга ёрдам бераман. Ҳаммаси 18 йил аввал бошланди. Шаҳарда уйсизларни кўриб қолдим ва уларга уйда тайёрларга бутербродларни улашдим. Мен садақа сўраб юрган мусулмон опа-сингилларимни ҳам учратдим ва тушликка уйга таклиф қилдим. Кўчада яшаш жуда қўрқинчли, уларга жуда кўп нарса хавф солиб туради», – деб хотирлайди Сабария.

У мусульмон аёллар муаммолари ҳақида жиддий ўйлай бошлагани ва бу маслада Конкория университетининг мусулмон талабалар ассосациясига мурожаат қилганини ҳикоя қилади. Аёллар университет ҳудудида ўзлари тайёрлаган фастфуд таомлари савдосини йўлга қўйиб, тушган маблағ эвазига уйсизлар учун тураржой ижарага олишга қарор қилдилар.

«Мен бир тақсимча таом учун 5 доллар олардим ва университет ошхонасидан нарса пишириш учун фойдаланишимга рухсат беришганди. Кунига 200-300 доллар ишлаб топишга муваффақ бўлардим. Менинг ишим ҳақида қанча кўп одам билса, жой ижараси учун шунчалик кўп пул беришарди».

Шу тарзда унинг нафақат мусулмон ожизалар, балки бошқа динга мансублар учун ҳам эшиклари доим очиқ турадиган аёллар бошпанаси пайдо бўлди. Сабария ҳанузгача чодир тикиб егулик сотади ва Монреалнинг мушкул аҳволга тушиб қолган аёллари учун пул йиғади.

«Мен муҳтожлар учун кун бўйи шу ишларни қиламан. Аллоҳ буюк, у менга доим ризқ беради. Шу бошпанани сақлаб туришим учун етарли маблағни Ўзи етказади», – дейди савоб ишларидан ҳатто инсульт ҳам тўхтатолмаган ажойиб мусулмон аёли.

 

back to top