Мянма ҳарбийлари роҳинжалар ортидан «кўприкларни ёқмоқдалар»
Мянмада ҳарбийлар роҳинжа халқини мамлакатдан сиқиб чиқариш учун «кўприкларни ёқиш» ёки «ёндирилган ер» тактикасини қўлламоқда.
Роҳинжаларнинг бутун-бутун қишлоқлари ҳарбийлар ва буддист мутаассиблар томонидан ёқиб юборилмоқда. Бу ишлар таъқиб қилинаётган халқнинг барча изларини ер юзидан сидириб ташлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Қишлоқларни ёқиш чангалзорга қочиб улгурмаган аҳолини отиб ташлаш билан бирга олиб борилмоқда.
Сунъий йўлдошдан олинган маълумотлар ҳамда воқеа жойида туширилган фотосуратлар ва видеотасвирларда Ракхайн ҳудудида 25 августдан бери камида 80 та катта ёнғин уюштирилганини кўрсатиб турибди. Бу ҳақида Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти маълум қилди, дея хабар беради The Independent.
Ўтган йиллар худду шу муддатда сунъий йўлдошлар бу ҳудудда биронта ёнғинни муҳрламаган, бу айни ёнғинларнинг сунъий ва жиноий келиб чиқишидан далолат беради.
Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда роҳинжа мусулмонлари ва буддист аҳоли яшаган Инн Дин қишлоғида айнан мусулмонлар яшаган ҳудуддаги уйлар ёқиб юборилгани, буддистларнинг уйлари эса бус-бутун сақланиб қолгани кўринади.
Яе Твин Кюн қишлоғидан қочган 48 ёшли қочқиннинг сўзларига кўра, у яшаган жойдаги 900 та уйдан 80 нафаригина ёнмай қолган. “Ҳатто мурдаларни кўмишга ҳам одам йўқ эди”, – дейди у.



