Ўзбекистон Мьянмалик қочқинларга энг йирик инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Ўзбекистон Мьянмалик қочқинларга энг йирик инсонпарварлик ёрдами жўнатди

 Ўзбекистон, ТошкентАН Podrobno.uz. 18 сентябрь куни Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ёрдами  Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг (БҚЯЖ) Даккадаги бош офисига Мьянмалик роҳинжа-мусулмонларга жўнатиш учун етказиб берилди, дея хабар қилади «Жаҳон» ахборот агентлиги.

БҚЯЖнинг таъкидлашича, бу Бангладеш ҳудудидаги роҳинжа қочқинларининг зарур эҳтиёжларини қондириш учун Жамият хорижий давлатлардан қабул қилган энг катта инсонпарварлик ёрдамларидан биридир. Расмий маълумотларга кўра, қочқинлар сони сўнгги кунларда 400 минг кишига етди.

Ўзбекистондан қабул қилинган инсонпарварлик ёрдами таркибига қочқинлар учун 14 хилдаги зарур маҳсулотлар ва предметлар киритилган, жумладан, шакар, ерёнғоқ, сут кукуни, дори-дармон, болалар овқатлари, ичимлик суви, гигиена воситалари, болалар ва катталар учун кийимлар, чивиндан ҳимояловчи тўрли чодирлар, кўрпалар ва бошқа зарур маҳсулотлар.

Инсонпарварлик ёрдамини топширишга бағишланган расмий маросимда БҚЯЖ президенти Ҳафиз Аҳмад Мазумдар Ўзбекистон раҳбариятига ўз вақтида кўрсатилган бундай сахий ёрдам учун миннатдорчилик билдирди. Унинг сўзларига кўра, буни нафақат юзага келган гуманитар инқироз юкини енгиллатишда дўстона ёрдам, балки самимий инсонпарварлик кўриниши деб баҳолаш керак.

БҚЯЖ бош котиби Мозарул Ҳақ Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ёрдами айни вақтида, яъни Мьянмадан қочқинлар оқими аввал кузатилмаган тарзда катта бўлган бир пайтда етиб кетганини таъкидлади. Ўзбек томони тақдим этган маҳсулотлар мажмуи эса манзилли бўлиб, инсонпарварлик ёрдами ташкилоти томонидан тузилган қочқинлар учун зарур маҳсулотлар ва предметларни қамраб олгани эътиборга сазовор.

Шу куниёқ Ўзбекистон байроғи ва «Ўзбекистон Республикасидан инсонпарварлик ёрдами» деган баннерлар осилган юк машиналари колоннаси БҚЯЖ вакиллари кузатувида Бангладеш ва Мьянма чегарасидаги қочқинлар лагерлари томон йўл олди. Инсонпарварлик ёрдамининг кейинги тақсимланиши БҚЯЖ томонидан амалга оширилади.

 

back to top