Мусулмонлар мавқеини 1960-йиллардаги қора танлилар мавқеи билан солиштиришди
Нью-Йоркда Бутунжаҳон мусулмонлари лигаси томонидан уюштирилган Америка ва мусулмон цивилизацияларининг бирга яшаши мавзуида икки кунлик анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир очилиш маросимида Маккада жойлашган ташкилотнинг бош котиби Муҳаммад бин Абдулкарим Ийсо мусулмон дунёси ва Қўшма Штатлар ўрасида азалдан маданий ҳамкорлик мавжуд бўлган деди.
Ийсонинг сўзларига кўра, бу тарих «цивилизациялар тўқнашуви» назариясининг бемаънилигини исботлайди, дея хабар беради ArabNews.
Religions for Peace International номли динлараро ташкилот бош котиби доктор Уилям Вендли буюк цивилизациялар буюк динлар асосида пайдо бўлишини, тилга олинган ҳар икки цивилизация ҳам инсониятга ёрдам беришга интилишини ўз нутқида алоҳида таъкидлади.
Яна бир ташкилот (Бутунжаҳон дин етакчилари кенгаши) раҳбари Бава Жейн мусулмонлларнинг АҚШдаги ҳозирги аҳволини 1960-йиллардаги қора танли аҳолиники билан солиштирди ва америкаликларни исломофоблик кайфиятидан халос бўлишга чақирди.
Тадбирда шайх Абдуллоҳ бин Байя ҳам иштирок этди.



