Хитой роҳинжа мусулмонларига доир кутилмаган баёнот билан чиқди
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И БМТ бош котиби Антониу Гуттериш билан учрашув вақти Пекиннинг Мянмадаги таъқиблардан қочиб Бангладешга ўтган мусулмон роҳинжаларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун тайёрлигини маълум қилди.
Айни пайтда хитойлик вазир «Мянма ҳукуматининг мамлакатда барқарорликни сақлаш йўлидаги хатти-ҳаракатларини» қўллаб-қувватлади ва бу мамлакатда хунрезликлар тезроқ барҳам топиши кераклигини айтди, дея хабар бермоқда ТАСС.
«Хитой томони Мянмада рўй берган тўқнашувларга қарши. Биз уруш олови имкон қадар тез барҳам топишини ва бегуноҳ инсонларнинг азоблари тугашини истаймиз», – деди Хитой ТИВ.
Шунингдек, у Мянма ва Бангладеш музокаралар йўли билан ўзаро зиддиятларни бартараф этишларига умид билдирди.
31 август куни БМТнинг Хавфсизлик кенгаши Мянмадаги аҳвол бўйича ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказди, аммо бу учрашув натижаси ўлароқ бирон баёнот бермади. AFP агентлигининг маълумотларига кўра, резолюция Хитой туфайли қабул қилинмади, чунки у БМТнинг зиддиятга ҳаддан ортиқ аралашувига қарши.
25 августдан бери 370 000 мусулмон роҳинжа Мянмадаги маҳаллий мутаассиб буддистларнинг таъқибидан қочиб Бангладешга ўтган. Норасмий маълумотларга кўра, сўнгги кунларда мамлакатда 4 мингга яқин роҳинжалар ўлдирилган, улар орасида аёллар ва болалар кўп. Лекин ҳукумат фақат бир неча юз қурбоннинг ўлимини тан оляпти ва бунинг учун масъулиятни «Аракон роҳинжаларини қутқариш армияси» (АРСА) номли жангари гуруҳ зиммасига юклаяпти. Ҳукуматнинг айтишича, ушбу гуруҳ полиция участкаларига ҳужум қилган. Бундан ташқари, ҳукумат мусулмонларни ўз уйларини ёқиб юборишда айблаяпти. Бангладеш расмийлари эса Мянма томонидан чегаралар миналанганини маълум қилди. Уларнинг сўзларига кўра, қўшни мамлакат ҳукумати шу йўл билан роҳинжа қочқинларининг ортга қайтишига тўсқинлик қилмоқчи.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Зайд Раъд ал Ҳусайн Мянма мусулмонлари билан боғлиқ ҳолатни «этник тозалаш намунаси» деб баҳолади.
Кейинроқ буддистлар раҳбари далай Лама Аун Сан Су Жини Ракхайн штатидаги зиддиятни тинч йўл билан бартараф этишга чақирди ва Будда роҳинжа халқига ёрдам берган бўларди деди.



