Туркия араканлик қочқинлар учун йирик лагер барпо этади
Туркия инсонпарварлик ташкилотлари Мянмадаги ҳарбийлар ва миллатчи буддистлар ҳужумидан Бангладешга қочиб ўтган роҳинжа мусулмонлари учун тураржой қуриб беради, дея хабар қилади «Анадолу» агентлиги.
Турк Қизил ярим ой жамияти, Инсон ҳуқуқлари ва эркинлигини ҳимоялаш ва Туркия инсонпарварлик ёрдами жамғармаси (IHH), шунингдек, яна бир қатор инсонпарварлик ташкилотлари Мянма билан Бангладеш чегараси яқинидаги «Балухали» лагерида яшаётган қочқинларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб келмоқда.
Инсонпарварлик ташкилоти ходимлари лагерда яшаётган 1300 оилага озиқ-овқат ёрдамини тақсимладилар. Бу гуруч, ёғ, нўхот, ун, туз ва шакардан иборат озиқ-овқатлар тўплами эди.
“Анадолу” агентлигига Туркия Қизил ярим ой жамияти раҳбари Керим Киникнинг хабар беришича, Бангладеш чегараси яқинида яшаётган юз минглаб араканлик мусулмонларда тиббий ёрдам олиш имкони йўқ, улар озиқ-овқат ва дори-дармон танқислигидан азоб чекишмоқда.



