Назоратсиз қурол савдоси Ямандаги фуқаролар ҳаётининг барча жиҳатларини бузиб юборади
 
															
						Халқаро Қизил хоч ташкилоти президентининг сўзларига кўра, Яманга тўсиқсиз қурол оқиб кириши у ерда давом этаётган фуқаролар урушини озиқлантириб, «фуқаролар ҳаётини ҳамма жиҳатдан издан чиқариш»га ёрдам бермоқда.
Женевада сўзга чиққан ташкилот раҳбари Питер Маурер дунё мамлакатларини БМТ томонидан 2013 йилда қабул қилинган Қурол савдоси ҳақидаги шартномага амал қилишга чақирди.
Ушбу шартнома ўқотар қуроллар, жанговар танклар, самолётлар ва ҳарбий кемалар савдосини назоратга олишга чақиради. У 2014 йилда кучга кирган бўлса-да, бутун дунё бўйлаб қуроллар оқимини камайтира олмади.
– Агар шанртномага амал қилинмаса ва у сиёсат ҳамда ўзаро муносабатларда бирон ўзгаришга олиб келмаса, қуруқ қоғозлигича қолиб кетаверади», – деди Маурер ўзининг Женевдаги чиқиши чоғида. – Яқинда мен Яманда уруш инсонлар ҳаётини барча жабҳада издан чиқараётганига гувоҳ бўлдим. Қурол савдоси халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини қайта-қайта бузган ҳолда давом этмоқда ва ривожланмоқда. Халқаро Қизил хоч ташкилотининг тадқиқотлари назоратсиз қурол савдоси жуда ёмон гуманитар оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатмоқда, жумладан, халқаро инсон ҳуқуқларининг бузилиши, тиббий ва инсонпарварлик ёрдамининг чекланиши, узоқ давом этадиган қуролли зиддиятлар, қуролли зўравонликларнинг кўпайиши ва, ҳатто уруш тугагандан сўнг ҳам хавфсизликнинг тикланмаслиги ҳам ушбу оқибатлар сирасига киради.
Масъул шахс тилга олган бошқа бир мамлакат – Жанубий Судан. У ерда ҳам фуқаролик уруши давом этмоқда.



