Қатардаги замонавий масжид

Қатардаги замонавий масжид

Ўзининг ўта замонавий архитектураси туфайли ўхшаши йўқ дея тан олинган масжид Қатар пойтахтида жойлашган.

Доханинг зийнати бўлган ушбу эҳром — «Education City Mosque» — университет шаҳарчасида, Ислом илмлари ўқитиладиган факультет яқинида қад ростлаган.

Бино британ-испан меъмори  Mangera Yvars Architects томонидан лойиҳалаштирилган.

Бу иншоот ўзаро чирмашиб кетган ва миноралари кўкка бўй чўзган икки тасма шаклида қурилган. Минораларнинг баландлиги 90 метр бўлиб, улар Макка томонга эгилиб, қиблани кўрсатиб турибди.

Масжидга бир вақтнинг ўзида 1800 киши кириб ибодат қилиши мумкин. Эркаклар залининг тепасида аёллар учун зал бор. Шунингдек, у ердан ўқув синфлари ва кутубхона ҳам ўрин олган.

Ушбу ноёб архитектура иншоотининг асосини чирмашиб кетган араб ёзувлари билан безалган ва Исломнинг беш асосини англатувчи бешта катта устун безаб турибди. Уларнинг атрофидан тўртта ирмоқ оқиб, ягона бир фавворага бирлашади. Улар фалакдаги тўрт  дарё – шароб, сут, асал ва сувнинг тимсолидир.

Интерьер безагининг асосий концепцияси нур ва соялар уйғунлигида акс этган. Масжидни ёритишдаги ўзига хослик ва бетакрорлик шундаки, нурлар турли шакл ва катталикдаги тешиклар орқали ичкарига тушади ҳамда юлдузлар жимирлаб турган осмонни ёдга солади. Ёруғ ва оқ ранглар палитраси тинчлик ва тозалик рамзидир. Масжиднинг марказий девори ҳуснихат ёзувлари ва турли геометрик шакллар билан безатилган.

Бу университет биноси, аниқроғи, Ислом илмлари факультети бўлиб, у пойтахт марказидан бироз четроқда жойлашган.

Эътиборли жиҳати шундаки, масжидга кириш осон эмас. Бунинг учун аввалдан кирувчилар дафтарида рўйхатга ёзилиш ва кираётганда ҳар қандай фототехникани қолдириш керак – масжидни ичкаридан фақат смартфонлар орқали суратга олиш мумкин.

back to top